Дунёда йилига қарийб 300 минг киши чўкиб, ҳалок бўлади – ЖССТ
Олам
−
24 июл 1087 2 дақиқа
Жаҳонда ҳар йили қарийб 300 минг киши чўкиб кетиши оқибатида ҳалок бўлади. Бу 5 ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар ҳаёти учун асосий ўнта хавфдан бири ҳисобланади. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига таяниб, БМТ Янгиликлар хизмати хабар берди.
Ташкилот маълумотларига кўра, иқлим ўзгариши бу муаммони янада кескинлаштирмоқда. Сув тошқинлари, бўронлар ва кучли иссиқлик тўлқинлари тобора кўпайиб, чўкиш хавфини оширмоқда.
Буюк Британияда ўтказилган тадқиқот ҳарорат ҳар бир даражага ошганда чўкиш оқибатида ҳалок бўлишлар сони 7,2 фоизга кўпайишини кўрсатган. Ҳарорат 25 даражадан юқори бўлган кунларда эса чўкиш хавфи 10 даражадан паст бўлган кунларга нисбатан қарийб беш баробар юқори бўлади. Шу боис чўкиш ҳолатларининг олдини олиш нафақат ёз мавсумига, балки иқлим ўзгариши оқибатларига тайёргарликнинг ҳам муҳим қисмига айланмоқда.
25 июлга белгиланган Бутунжаҳон чўкишнинг олдини олиш куни арафасида ЖССТ ҳукуматлар ва маҳаллий ҳамжамиятларга сувдаги фожиаларнинг олдини олишга ёрдам берувчи еттита стратегияни тақдим этди.
“Protect” деб номланган чора-тадбирлар тўплами қуйидаги йўналишларни қамраб олади:
- сув ҳавзалари атрофида хавфсиз инфратузилма яратиш;
- қутқарув ва реанимация кўникмаларига ўргатиш;
- сув ҳавзалари яқинида меҳнат хавфсизлигини ошириш;
- сув транспорти учун хавфсизлик стандартларини жорий этиш;
- сузиш ва сувда ўзини тутиш қоидаларига ўргатиш;
- болаларни тегишлича назорат қилиш;
- маҳаллий ҳамжамиятларни сув тошқинлари ва бошқа фавқулодда вазиятларга тайёрлаш.
Маълумот учун, бу йилги Бутунжаҳон чўкишнинг олдини олиш кунининг мавзуси – “Биргаликда – сувда хавфсизлик учун”. У сувдаги бундай фожиаларнинг олдини фақат давлат идоралари, мутахассислар ва маҳаллий аҳоли ҳамкорлиги орқали олиш мумкинлигини эслатади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида чўмилиш мақсадида Бўзсув каналига борган 16 ёшли бола чўкиб кетган эди.
Live
Барчаси