Бугун нималарни кўрдик, эшитдик, гапирдик?
Жамият
−
30 Сентябрь 2019
5060Макка ва Мадина оралиғидаги вокзалда йирик ёнғин юз берди
Кеча, 29 сентябрь куни Саудия Арабистонининг Жидда шаҳридаги марказий темир йўл вокзалида кучли ёнғин юз берди. Натижада 5 киши жабрланди.
Футбол юлдузи Ҳабибни “жангга” чорлади
АҚШнинг “Лос-Анжелес Гэлэкси“ футбол клуби ҳужумчиси Златан Иброҳимович янги "Челленж" яратди. У мазкур чорловни “MatrixChallenge” деб номлади. Видеода Златаннинг жанг услубларидан фойдаланган ҳолда футбол тўпини ўйнаётганини кўришингиз мумкин. Шунингдек, Иброҳимович енгил вазн тоифасида UFC чемпиони Ҳабиб Нурмуҳамедовга “жангга" чорлади.
Ўзбекистонда етиштирилган тонналаб мева Россиядан чиқариб юборилди
Ўзбекистондан Россияга сотиш учун олиб борилган мевалар мамлакат ҳудудидан чиқариб юборилди. 19 тоннадан ортиқ ҳўл мевани олиб кетаётган юк машинаси Россиянинг Самара ва Тольятти шаҳарлари орасида “Россельхознадзор”нинг Самара вилояти бошқармаси ва божхоначилар томонидан тўхтатилган.
Евро ва рубль курси пасайди, доллар эса ўсишда давом этяпти
1 АҚШ доллари 9446,65 сўмга тенг бўлиб, ўтган ҳафтадагига нисбатан 22,11 сўмга қимматлади. 1 евро курси эса 50,27 сўмга арзонлаб, 10332,75 сўмни ташкил этди. Рубль курсининг қиймати ҳам 1,08 сўмга арзонлашиб, 1 рубль 146,19 сўмга тенг бўлиб турибди.
Шуҳрат Ғаниев судсиз жазолашни йўлга қўйди...ми?
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ўтган ҳафта бошида ўтган селектор йиғилишида сўзлаган нутқининг аудио ёзуви эълон қилинди. Аудиоёзувда ҳоким селектор йиғилишида Риштонда голограммасиз диний китоб сотаётганда қўлга тушганларни 5 суткадан қамашни буюрганини эшитиш мумкин. Шунингдек, у ҳоким орқали судяларга ҳам топшириқ берган.
Рўмолини олиб, оғзингга тиқиб қўяман – фарғоналик валломат
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев вилоятдаги иш жойларида намоз ўқишга шароит яратиладиган ҳолатлар аниқланса ўша корхона раҳбарига жиноят иши очилишини маълум қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокими бошчилигида ўтказилган йиғилиш вақтида ёзиб олинган аудиоёзувда айтиб ўтилган. Шунингдек, аудиоёзувда Шуҳрат Ғаниев олдида ким бўлишидан қатъи назар, рўмол ўраб олган аёлга кўзи тушса унинг рўмолини ўша туман ҳокими оғзига тиқиб қўйиш билан таҳдид қилганини эшитиш мумкин. Йиғилишда ҳоким ҳижоб маданиятига риоя этмаётган аёллар аниқланиб, 300 нафарининг ташқи қиёфаси ўзгартирилганини ҳисобот берган. Фарғона вилоят ҳокими вилоятга келган меҳмонларнинг ҳам соқолини олишни талаб қилган.
Сенат фарғоналик “валломат” масаласини кўриб чиқади
Бир неча кундирки ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг йиғилишда соқол, рўмол масаласида билдирган фикри муҳокамаларга сабаб бўляпти. Вилоят ҳокими ва бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзосининг бундай ҳаракати юқори палата комиссиясида кўриб чиқиладиган бўлди. Бу ҳақда Сенат раиси Танзила Норбоева маълум қилди.
Месси “Интер”га қарши ўйингача тикланиши мумкин
Испаниянинг "Барселона" клуби етакчиси Лионель Месси Чемпионлар лигаси доирасида "Интер"га қарши ўтказиладиган учрашувгача жароҳатдан тикланиши мумкин.
Расман: Шуҳрат Ғаниев ишдан олинмади, қатъий огоҳлантирилди
QALAMPIR.UZ манбасининг хабар қилишича, бугун, 30 сентябрь куни Олий Мажлиси Сенатининг йиғилишида Фарғона вилояти ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев масаласи кўриб чиқилди. Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев сенаторлар қаршисида айбини тан олди, унга қаттиқ огоҳлантириш ва 3 ой синов муддати берилди.
Эртадан пенсиялар оширилмоқда
Қирғизистонда эртага, 1 октябрдан бошлаб яна пенсия миқдорини ошириш кутилмоқда. Қайд этилишча, ҳар йили Ҳукумат пенсияларни индексациялашни амалга оширади. Натижада, пенсия миқдори 4 минг 883 сомдан ошмайдиган пенсиялар энг ками 300 сомга ошади ва ҳажми 4 минг 883 сом бўлган ёки ундан кўп бўлган пенсиялар энг кам миқдори 320 сўмга ошади.
Ўтиниб кечирим сўрайман! – Ғаниев (видео)
Бугун, 30 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Регламент ва одоб комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Фарғона вилояти ҳокими – сенатор Шуҳрат Ғаниев ўтказган йиғилишдаги нутқ муҳокама қилинди. Йиғилишни Сенат раиси Танзила Норбоева олиб борди. Йиғилишда сенаторлар ва комиссия аъзолари Шуҳрат Ғаниевга чора кўриш кераклигини талаб қилди. Комиссия мажлиси Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев ҳам иштирок этди. У ҳам сўзга чиқиб, айбини тан олишини айтди.
Фахрий унвонларга эга спортчилар ҳоким маслаҳатчилари бўлади
Бугун, 30 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Андижон вилоятида ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ҳамда спорт иншоотлари қувватидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Маҳмуд Муродовнинг дебют жангидан олган даромади маълум қилинди
Бугун, 30 сентябрь куни Маҳмуд Муродовнинг ушбу жангдан қанча гонорар олгани эълон қилинди. Муродов илк жанги учун кафолатланган 10 минг доллар, шунингдек, баҳсда ғалаба қозонгани учун яна 10 минг долларга эга бўлди. "Rebook" билан имзоланган шартнома учун қўшимча 3 минг 500 долларга эга чиқди.
Боксчиларга “Президент совғаси” – автомобиллар топширилди
Бугун, 30 сентябрь куни пойтахт Тошкентдаги “Олимпия шон-шуҳрати” музейида боксчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раиси Очилбай Раматов, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси резиденти Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев иштирок этди. Тадбирда жаҳон чемпионати қаҳрамонларига “Президент совғаси” – автомобиллар тақдим этилди. Жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган Шаҳобиддин Зоиров, Миразизбек Мирзаҳалилов ва Баҳодир Жалоловларга Chevrolet Trecer автомобили, кумуш ва бронза медали соҳиблари Дилшодбек Рўзметовга Chevrolet Gentra, Бобоусмон Батуровларга Nexia-3 автомобиллари калити топширилди.
Сенатдаги тарихий мажлис ва унинг “тарихий қаҳрамони” Ғаниев ҳақида Иқбол Мирзо нима дейди?
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Регламент ва одоб комиссияси яқин ўртада сенаторларнинг хатти-ҳаракатлари ва муомала маданияти юзасидан йиғилиш ўтказмаган эди. Бундай йиғилиш балки Сенат тарихида илк бор бугун, 30 сентябрь куни ўтказилган ва унинг “тарихий қаҳрамони” Шуҳрат Ғаниев бўлган бўлиши ҳам мумкин. Ҳар ҳолда сенатор Иқбол Мирзо Сенатнинг бундай мажлиси илк бор ўтказилаётганини айтди. “Неча йилдан буён шу комиссиянинг раиси бўлсам, биринчи марта бундай қамровда масала кўриб чиқиляпти. Илгари бирор ҳудуддан шикоят бўлса, жойига чиқиб, масалани ўрганиб, чорасини кўриб келардик. Бугунги йиғилишимиз – огоҳлик бонгги”, дейди Иқбол Мирзо.
Тошкент вилоятида беш юзга яқин хонадон газсиз қолди
Зангиота тумани "Туркистон" МФЙ ва "Боғишамол" МФЙ ҳудудида “Обод қишлоқ” дастури бўйича олиб борилаётган ер қазиш ишлари вақтида ер остидаги газ қувурига шикаст етказилган. Натижада ҳудуддаги жами 492 та аҳоли хонадонларида 2019 йил 30 сентябрь соат 10:00дан бошлаб носозлик бартараф этилгунга қадар табиий газ таъминоти тезкор равишда вақтинча тўхтатилди.
LiveБарчаси