Боксчиларга “Президент совғаси” – автомобиллар топширилди
Жамият
−
30 Сентябрь 2019
11684Хабарингиз бор, 8-21 сентябрь кунлари Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бокс бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтди.
Ушбу жаҳон биринчилигида ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталари ҳар қачонгидан ҳам муваффақиятли иштирок этиб, 3 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медалларини қўлга киритишди. Бу орқали спортчилар жаҳон чемпионатини умумжамоа ҳисобида биринчи ўринда якунлашди.
Бугун, 30 сентябрь куни пойтахт Тошкентдаги “Олимпия шон-шуҳрати” музейида боксчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раиси Очилбай Раматов, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси резиденти Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев иштирок этди.
Тадбирда жаҳон чемпионати қаҳрамонларига “Президент совғаси” – автомобиллар тақдим этилди. Жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган Шаҳобиддин Зоиров, Миразизбек Мирзаҳалилов ва Баҳодир Жалоловларга Chevrolet Trecer автомобили, кумуш ва бронза медали соҳиблари Дилшодбек Рўзметовга Chevrolet Gentra, Бобоусмон Батуровларга Nexia-3 автомобиллари калити топширилди.
Шунингдек, терма жамоанинг муваффақиятида ўз ҳиссасини қўшган мураббийларга ҳам пул мукофотлари тақдим этилди.