Бу муқаррар эди – Путин Украинага қарши уруш нега бошланганини тушунтирди

Олам

image

Украинада тарбияланган Россияга қарши кучлар билан тўқнашув муқаррар ва фақатгина вақт масаласи эди. Бу фикрни бугун, 12 апрель куни Россия Президенти Владимир Путин “Восточний” космодромида маҳаллий космик саноат ходимлари билан суҳбат чоғида билдирди.

“Улар Украинани Россияга қарши таянч нуқтасига айлантира бошладилар, у ерда узоқ вақтдан бери мавжуд бўлган миллатчилик ва неонацизм ниҳолларини ўстира бошладилар”, деган Путин.

Россия Президенти кейинги воқеалар Украинада неонацист ғоялари нақадар чуқур ривожланганини кўрсатганини таъкидлаган.

“Бу очиқ-ойдин ҳақиқат. Неонацизм, афсуски, бизга яқин анчагина катта мамлакатда реалликка айланди. Бу очиқ-ойдин нарса: бу муқаррар эди, ягона савол вақт эди”, дея қўшимча қилган у.

Путиннинг таъкидлашича, "махсус ҳарбий операция" мақсадларига эришишда Россия Федерацияси Донбасс аҳолисига ёрдам бермоқда, иккинчи томондан, “Россиянинг ўз хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўрмоқда”.

“Очиғи, бизда бошқа танлов йўқ эди, бу тўғри. Ва ҳеч қандай шубҳа йўқки, [махсус операция] мақсадларига эришилади. Мақсадлар мутлақо тушунарли, улар олижанобдир”, деган Путин.

Асосий мақсад – Донбассдаги одамларга, биз тан олишга мажбур бўлган Донбасс халқига ёрдам бериш. Чунки Ғарб томонидан рағбатлантирилган Киев ҳукумати муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилишга қаратилган Минск келишувларини бажаришдан бош тортди”, деган Путин.

У Космонавтлар куни муносабати билан йўллаган табригида Россия қўшинлари Украинада самарали курашаётганини урғулаган.

“Бугунги кунда офицерларимиз Донбассда “махсус ҳарбий операция”да қатнашмоқда. Донбасс халқ республикаларига ёрдам бермоқда. Улар мардона, фойдали ва самарали ҳаракат қиляпти, ўзига хос, тенгсиз хусусиятларга эга энг замонавий қурол турларидан фойдаланяпти”, деган у.

Путин Украина Президенти Владимир Зеленский “Минск-2” бандларидан бирортаси Киевга ёқмаслигини очиқча айтганини эслатиб ўтган, “бошқа расмийлар эса Минск келишувларини амалга оширишнинг имкони йўқлигини айтишди”.

“Улар буни очиқчасига рад этишди. Саккиз йил давом этган бу қирғинга чидашнинг иложи йўқ”, деган давлат раҳбари.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

251

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made