Британияда украиналик қочқинларни қабул қилганларга пул тўлаш бошланади
Олам
−
13 Март 2022
5327Буюк Британия ҳукумати Украинадан келган қочқинларни қабул қилган маҳаллий аҳоли, ташкилотлар ва жамоаларга ойига 350 фунт стерлинг (456 доллар) тўлайди. Бу ҳақда Британия Вазирлар Маҳкамаси сайтида чоп этилган хабарда айтилади.
Таъкидланишича, қочқинларни қабул қилишнинг янги схемасига кўра, фақатгина яқинлари Буюк Британияда яшаётганларгина эмас, Украинанинг барча фуқаролари мамлакатга кириш имконига эга бўлади. Ҳомийлар - жисмоний шахслар, хайрия ташкилотлари ва жамоалар украиналикларга тўғридан-тўғри бошпана таклиф қилишлари ёки алоҳида турар-жой учун тўлашлари мумкин бўлади.
Ҳомийлар, ўз навбатида, камида олти ой муддатга қочқинларни қабул қилиш мажбуриятини олишлари керак. 14 март куни украиналик қочқинларга бошпана бермоқчи бўлганлар буни расман ҳужжатлаштира оладиган веб-сайт ишга тушиши режалаштирилган. Янги схема бўйича қиролликка киришга муваффақ бўлган украиналиклар уч йил давомида мамлакатда ишлаш ва давлат хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.
“Украинадаги инқироз бутун дунёни ларзага солди, чунки юз минглаб бегуноҳ одамлар ўз уйларини ташлаб кетишга, таниганлари ва севганларини ташлаб кетишга мажбур бўлишди. Британия Украина билан ўзининг энг қоронғу даврида елкама-елка туради, Британия жамияти имкон қадар кўпроқ одамларни ва имкон қадар тезроқ хавфсиз жойга олиб бориш зарурлигини тушунади. Мен бутун мамлакат бўйлаб одамларни миллий саъй-ҳаракатларга қўшилишга ва украиналик дўстларимизга ёрдам беришга чақираман. Биргаликда биз жуда муҳтож бўлганларни хавфсиз уй-жой билан таъминлашимиз мумкин”, деган Буюк Британиянинг Уй-жой, минтақавий ривожланиш ва маҳаллий бошқарув вазири Майкл Гоув.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь