Британия Россиянинг учта йирик авиакомпаниясига санкция киритди
Олам
−
19 Май 2022
5247Буюк Британия Россиянинг “Аэрофлот”, “Россия” ва “Урал авиақатнови” авиакомпанияларини санкциялар рўйхатига киритди. Бу ҳақда Британия ҳукумати сайтида эълон қилинган.
Қайд этилишича, Британия ушбу учта авиакомпанияларни санкциялар рўйхатига киритиш билан биргаликда уларнинг активларини ҳам музлатиб қўйган.
"Аэрофлот" Россиядаги энг йирик авиакомпания ҳисобланади. У стратегик муҳим транспорт соҳасида фаолият юритиб, Россия ҳукуматига фойда келтиради ва уни қўллаб-қувватлайди. Компания Россия давлатига тегишли бўлгани учун у ҳукумат билан боғлиқ юридик шахс сифатида ҳам ишлайди", дейилади хабарда.
“Урал авиақатнови”га нисбатан санкция қўлланиши эса компания Россия Федерацияси учун стратегик аҳамиятга эга фаолиятни амалга ошираётгани билан изоҳланган.
Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинган баёнотда айтилишича эса янги чекловлар “Аэрофлот”нинг Британия аэропортларида қолган слотларини (парвоз келиши ёки учиши учун ажратилган вақт) сотишдан фойда олишига тўсқинлик қилади. ТИВга кўра, ушбу слотларнинг нархи 50 миллион фунт стерлингга (ҳозирги курс бўйича 62 миллион доллар) тенг.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси