Бош мураббийликка қайтган Бабаян, ўзи бола бўла туриб она бўлган қиз, масжиддаги муҳим воқеа – янгиликлар дайжести
Жамият
−
27 Ноябрь 2021
18175Жамият
Ўзбекистон олган қарзларини нимага сарфлаган?
Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг III чораги якуни бўйича жами давлат қарзи 25,3 млрд долларга етгани ҳақида хабар берган эдик.
Молия вазирлиги ҳисоботида келтирилишича, 2021 йилнинг III чораги якуни бўйича жами давлат ташқи қарзининг 24,5 фоизи ёки 5,6 млрд доллар давлат бюджетини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.
Шунингдек, қарз маблағларининг 13,6 фоизи ёки 3,1 млрд доллар электр-энергетика соҳасига, 12,3 фоизи ёки 2,8 млрд доллар энергетика соҳасига, 11,3 фоизи ёки 2,6 млрд доллар транспорт ва транспорт инфратузилмасига, 8,9 фоизи ёки 2,0 млрд доллар уй-жой коммунал хўжалиги соҳаларига йўналтирилган маблағлар ҳиссасига тўғри келади.
1 декабрдан ўзбекистонликлар ҳаётида нималар ўзгаради?
Ўзбекистон қонунчилигида 2021 йил 1 декабрдан бошлаб қатор янгиликлар кучга киради. “Норма” ой бошидан кучга кирадиган ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.
Кўчма савдо соддалаштирилади
• Тадбиркорлик субъектлари томонидан кўчма савдо объектларини “K–SAVDO” автоматлаштирилган ахборот тизимида рўйхатдан ўтказиш йўли билан амалга оширилади. Бунда рўйхатдан ўтказиш учун йиғим ундирилмайди;
• Кўчма савдо жойи (хусусий мулкдорларга тегишли жойлардан ташқари) кўчма савдо объектларининг жойлашиш схемалари бўйича “K-SAVDO” ААТ орқали электрон аукционда сотилади.
Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги баҳоланади
Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мониторинг қилиш ва очиқлигини баҳолаш методикаси асосида ҳар йил якуни бўйича давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг Очиқлик индекси аниқланади.
Тошкентда боғча мудиралари мажбуран ишлатиляптими?
Бугун, 27 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг Юнусобод туманида боғча мудиралари ва ходимлари туман ҳокимлиги томонидан мажбуран Юнусобод 19-кварталга эрталаб соат 7:00 га чақирилгани ва мажбурий меҳнатга жалб қилингани ҳақида видеолар тарқалди. QALAMPIR.UZ ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Мактабгача таълим вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева билан боғланди.
“Ижтимоий тармоқларда боғча мудиралари мажбурий меҳнатга жалб қилинаётгани ҳақидаги хабар кенг тарқаляпти. МТВ бу масалани ўрганди ва шахсан ўзим Юнусобод туман масъуллари ва туман ҳокими Жаҳонгир Баҳодирович билан боғландим. Маълумот беришларича, Юнусобод туманида 64 та маҳалла бор ва шу маҳаллалардаги хотин-қизлар ва ободонлаштиришга масъул ходимлар тўпланган. Улар орасида боғча мудиралари ва тарбиячилари йўқ. 180 нафарга яқин аёл йиғилишига сабаб эса атрофни ободонлаштириш бўйича ҳашар эълон қилинган ва 19-кварталдан ҳашар ишлари бошланган”, дейди вазирлик вакили.
ИИББ Юнусободдаги масжидда содир бўлган воқеага изоҳ берди
Ижтимоий тармоқларда “Юнусободда масжидлардан бирида бўлган ҳолат экан” сарлавҳали видео тарқалди. Мазкур ҳолат бўйича Тошкент шаҳар ИИББ маълумот берди.
Қайд этилишича, кеча, 26 ноябрь куни Юнусобод туманида ўтказилган жума намози давомида имом-хатиб бир йигит Исломни қабул қилиб, мусулмон бўлмоқчи эканлигини маълум қилади.
Сўнг йигитга сўз берилган. У жамоатга рус тилида мурожаат қилади. Кўпчилик унинг сўзларини тўғри тушунади, аммо бир эркак ҳолатга норозилик билдиришни бошлайди. Масжиддаги айрим кишилар уни кўчага олиб чиқадилар.
Янги қозон ва чойнак. Тошқуловнинг ётоқхонага ташрифи ҳақиқатдан “кутилмаган”миди?
Бир неча кун аввал Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Тошкент давлат техника университетининг 54-талабалар турар-жойига “кутилмаган” ташриф билан борган эди. Ижтимоий тармоқда ушбу ташрифдан олинган суратлар муҳокамаларга сабаб бўлди. Гап шундаки, суратларда талабалар “янги қозон, янги чойнак ва янги жиҳозлар”и бўлган хоналарда яшаётгани кўрсатилган. Кеча, 26 ноябрь куни Олий таълимда “Коррупциясиз соҳа” мавзусида бўлиб ўтган матбуот анжуманида вазир ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов ҳолатга ойдинлик киритди.
“Яқинда Олий ва ўрта махсус таълим вазири талабалар турар-жойига ташриф буюрди. Ижтимоий тармоқларда “янги чойнак, янги қозон” деган гаплар тарқалди. Лекин вазир ҳақиқатдан кутилмаганда борган. Вазият шунақа бўлиб қолди. Ўша ётоқхона олий таълим муассасасининг яқинда фойдаланишга топширилган ётоқхонаси бўлган. Вазирнинг эса янги бинога кирган вақти тушган расмлари ижтимоий тармоққа қўйилган”, деди Раҳимжон Ҳакимов.
Бензин сўнгги 10 кунда қанчага арзонлашгани айтилди
Сўнгги 10 кун ичида АИ-80 маркали автомобиль бензиннинг улгуржи нархи 20 фоизга арзонлашди. Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, биржа савдоларида рақобат муҳити яратилиши, яъни хусусий ёқилғи қуйиш шохобчаларининг биржа савдоларида иштирок этиш имконияти ошганлиги ҳисобига ўртача биржа нархлари пасайган. Бунда 1 тонна бензин учун 10 млн 129,4 минг сўмдан 8 млн 101,2 минг сўмгача, яъни 20 фоизга пасайди, бу эса чакана нархларига ҳам ижобий таъсир қилишни бошлади.
Олам
Ўзбекистонлик 15 ёшли қиз фарзандли бўлди
Қирғизистон пойтахти Бишкекда 15 ёшли Ўзбекистон фуқароси фарзандли бўлди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар берган.
Наманганлик 15 ёшли қиз Бишкекдаги Она ва болани ҳимоя қилиш миллий маркази қошидаги туғруқхонада қиз фарзанд дунёга келтирган. Бу маълумотни Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош мутахассиси Раиса Асилбашева тасдиқлаган.
Унга кўра, ҳолат бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари шуғулланяпти.
Журнал муқовасидаги машҳур афғон қизи Римга кўчиб ўтгани маълум бўлди
1985 йилда “National Geographic” журнали муқовасида сурати чоп этилиши ортидан дунёга машҳур бўлган афғонистонлик аёл Шарбат Гула қочқинларга ёрдам дастури доирасида Италия пойтахти Римга борган. Бу ҳақда Италия ҳукумати сайти хабарига асосланиб хабар берилган.
Афғонистонда “Толибон” ҳаракати ҳокимиятга келганидан кейин у мамлакатни тарк этишни сўраб чиққан. Италия ҳукумати афғон нотижорат ташкилотлари билан биргаликда Гуланинг Римга кўчиб ўтишини таъминлаган.
ЖССТ коронавируснинг янги штаммини дунё учун таҳдид деб тан олди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Жанубий Африкада аниқланган коронавируснинг янги штаммига Омикрон (юнонча О ҳарфи) номини берди. Мутахассислар вируснинг яна бир тури шусиз ҳам инфекция тарқалишига қарши курашаётган мамлакатларга таҳдид солиши мумкин деган хулосага келди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берган.
ЖССТ B.1.1.529 вируси бир қатор мутациялардан сўнг организмдаги оқсил таркибига таъсир қилиши мумкин, деган хулосага келган. Муаммо шундаки, ҳозирги вакциналар бу ўзгаришда унчалик самарали бўлмаслиги мумкин.
Тожиклар норозиликни тўхтатмаяпти: айни пайтда Тожикистонда вазият қандай?
Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон вилояти маъмурий маркази — намойиш ўтаётган Хоруғ шаҳрида вазият кескинлигича қолмоқда. Бу ҳақда Тожикистон куч тузилмалари хабар берди.
Норозилик акцияси жорий йилнинг 25 ноябрь куни маҳаллий фуқаро Гулбиддин Зиёбековнинг полиция томонидан ҳибсга олиниши вақтида ҳалок бўлгани муносабати билан бошланган.
“Хоруғда вазият таранглигича қолмоқда, Хоруғдаги намойишчиларнинг бир қисми 25 ноябрь оқшомидан бери ўз талабларининг бажарилишини талаб қилиб тарқалмаяпти”, дейилган хабарда.
Спорт
Жуда таниқли шахс – Гвардиола МЮнинг янги мураббийи ҳақида
“Манчестер Сити” бош мураббийи Пеп Гвардиола Ральф Рангникнинг “Манчестер Юнайтед” мураббийлигига тайинланишига ўз муносабатини билдирди.
“Лейпциг”нинг собиқ устози МЮнинг вақтинчалик мураббийига айланади ва яқин орада иш бошлайди.
“Мен уни яхши танимайман ва бир марта телефонда гаплашганман. Рангник “Лейпциг” учун ажойиб ишлар қилганини яхши биламан. У Германияда катта тажрибага эга ва жуда таниқли шахс, лекин шахсан мен у билан учрашмаганман”, дейди Гвардиола.
Бабаян яна бош мураббийликка қайтди
Ўзбекистон терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Самвел Бабаян “Навбаҳор” жамоаси билан шартнома имзолади. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати маълум қилди.
У “лочинлар” бош мураббийи Виктор Жалиловга ёрдамчи сифатида ишлаб келаётган эди. Шу тариқа Наманган жамоаси 2022 йилги мавсумни Самвел Бабаян мураббийлиги остида бошлайди.
Ювентус раҳбарияти тергов қилинади
“Ювентус” президенти Андреа Анелли, вице-президент Павель Недвед ва собиқ спорт директори Фабио Паратичи терговга чақирилади. Бу ҳақда “La Gazzette dello Sport” нашри хабар берди.
Улар ёлғон хабар берганликда гумон қилинмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, 2018-2019 ва 2020-2021 йилги мавсумларда клубнинг молиявий ҳисоботлари 50 миллион еврога сохталаштирилган.
Турин полицияси тергов учун зарур бўлган ҳужжатларни олиш учун “Ювентус” штаб-квартирасида тинтув ўтказган. Ҳозирда молиявий ва иқтисодий полиция мутахассислари ҳужжатларни ўрганишда давом этмоқда.
LiveБарчаси