Тожиклар норозиликни тўхтатмаяпти: айни пайтда Тожикистонда вазият қандай?

Олам

image

Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон вилояти маъмурий маркази — намойиш ўтаётган Хоруғ шаҳрида вазият кескинлигича қолмоқда. Бу ҳақда Тожикистон куч тузилмалари хабар берди.

Норозилик акцияси жорий йилнинг 25 ноябрь куни маҳаллий фуқаро Гулбиддин Зиёбековнинг полиция томонидан ҳибсга олиниши вақтида ҳалок бўлгани муносабати билан бошланган. 

“Хоруғда вазият таранглигича қолмоқда, Хоруғдаги намойишчиларнинг бир қисми 25 ноябрь оқшомидан бери ўз талабларининг бажарилишини талаб қилиб тарқалмаяпти”, дейилган хабарда. 

Таъкидланишича, намойишчилар вакиллари билан музокара ўтказишга уринишлар ҳали натижа бермаган. 

26 ноябрга ўтар кечаси намойишчилар беш нафар ҳуқуқ-тартибот ходимини яралаган ва уларнинг хизмат қуролларини эгаллаб олган. Мамлакат Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода ва Энергетика ва сув хўжалиги вазири Далер Жума (асли хоруғлик) ҳозир Хоруғда. 

Хоруғлик намойишчилар Гулбиддин Зиёбеков ва тинч аҳолига қарата ўқ узганларнинг ўлими бўйича ишни имкон қадар тезроқ кўриб чиқишни, Хоруғ ҳудудидан ҳарбийларнинг 60-70 фоизини олиб чиқиб кетишни, шунингдек, назорат-ўтказиш пунктларини олиб ташлашни талаб қилмоқда. 

Қайд этилишича, Зиёбеков уюшган жиноий гуруҳнинг уч шериги билан ўтган йилнинг февраль ойида Роштқалъа вилояти прокурори ёрдамчиси Абдусалом Абирзодни гаровга олиб, уни саккиз соат давомида калтаклаган ва қийноққа солган. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан Зиёбеков ва унинг шерикларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, улар расмий қидирувда бўлган. 

Маълумотларга кўра, 25 ноябрь куни қўлга олиш чоғида Зиёбеков ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига қуролли қаршилик кўрсатиб, ўзи ноқонуний олиб юрган тўппончадан ўқ узган. У жавоб отишмасидан яраланган, кейинчалик шифохонада вафот этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон Бадахшон

Баҳолаганлар

939

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг