Янги қозон ва чойнак. Тошқуловнинг ётоқхонага ташрифи ҳақиқатдан “кутилмаган”миди?

Жамият 17379
image

Бир неча кун аввал Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Тошкент давлат техника университетининг 54-талабалар турар-жойига “кутилмаган” ташриф билан борган эди. Ижтимоий тармоқда ушбу ташрифдан олинган суратлар муҳокамаларга сабаб бўлди. Гап шундаки, суратларда талабалар “янги қозон, янги чойнак ва янги жиҳозлар”и бўлган хоналарда яшаётгани кўрсатилган. Кеча, 26 ноябрь куни Олий таълимда “Коррупциясиз соҳа” мавзусида бўлиб ўтган матбуот анжуманида вазир ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов ҳолатга ойдинлик киритди.

“Яқинда Олий ва ўрта махсус таълим вазири талабалар турар-жойига ташриф буюрди. Ижтимоий тармоқларда “янги чойнак, янги қозон” деган гаплар тарқалди. Лекин вазир ҳақиқатдан кутилмаганда борган. Вазият шунақа бўлиб қолди. Ўша ётоқхона олий таълим муассасасининг яқинда фойдаланишга топширилган ётоқхонаси бўлган. Вазирнинг эса янги бинога кирган вақти тушган расмлари ижтимоий тармоққа қўйилган”, деди Раҳимжон Ҳакимов.

Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосарининг таъкидлашича, Тошқуловнинг ётоқхонага ташрифи PR учун бўлмаган. Вазирлик ҳамма ётоқхона яхши жиҳозланган деган фикрда эмас.

“Бу билан биз ҳамма ётоқхона шунақа жиҳозлаган ёки бу PR учун қилинган деган фикрдан йироқмиз. Бизда ундай мақсад бўлмаган. PR учун бўлганда, расм бу кўринишда бўлмасди. Ахир вазир ҳам атай янги қозонни олдига бориб расмга тушмайди. Лекин тасодифан у кирган ётоқхона яқинда фойдаланишга топширилган ва янги буюмлар билан жиҳозланган бўлган”, дейди вазир ўринбосари.

У сўзида давом этиб, ҳозир бошқа ётоқхоналарнинг ҳам масалалари кўрилаётганини қўшимча қилди. Вазирлар Маҳкамаси бу ҳақда алоҳида қарор қабул қилган. Унга кўра, яқин 5 йилда давлат хусусий шерикчилик асосида 90 минг ўринга эга бўлган янги ётоқхоналар қурилади. 

“Мақсадли дастурлар тасдиқланган, ҳозир вилоят, шаҳар ҳокимликлари билан бирга ётоқхоналар қуриш бўйича ишлар олиб борилмоқда”, деди Раҳимжон Ҳакимов.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 642
Рейтинг: 3
t
×