Тошкентда боғча мудиралари мажбуран ишлатиляптими?
Жамият
−
27 Ноябрь 2021
9550Бугун, 27 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Тошкентнинг Юнусобод туманида боғча мудиралари ва ходимлари туман ҳокимлиги томонидан мажбуран Юнусобод 19-кварталга эрталаб соат 7:00 га чақирилгани ва мажбурий меҳнатга жалб қилингани ҳақида видеолар тарқалди. QALAMPIR.UZ ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Мактабгача таълим вазирлиги Матбуот хизмати раҳбари Мавлуда Асқархўжаева билан боғланди.
“Ижтимоий тармоқларда боғча мудиралари мажбурий меҳнатга жалб қилинаётгани ҳақидаги хабар кенг тарқаляпти. МТВ бу масалани ўрганди ва шахсан ўзим Юнусобод туман масъуллари ва туман ҳокими Жаҳонгир Баҳодирович билан боғландим. Маълумот беришларича, Юнусобод туманида 64 та маҳалла бор ва шу маҳаллалардаги хотин-қизлар ва ободонлаштиришга масъул ходимлар тўпланган. Улар орасида боғча мудиралари ва тарбиячилари йўқ. 180 нафарга яқин аёл йиғилишига сабаб эса атрофни ободонлаштириш бўйича ҳашар эълон қилинган ва 19-кварталдан ҳашар ишлари бошланган”, дейди вазирлик вакили.
Асқархўжаеванинг айтишича, “Яшил макон” дастури доирасида дарахт экиш учун Юнусобод туманида фаолият олиб борадиган боғча мудиралари ишга чақирилган.
“Бугун ишга жалб қилинган мудиралар айнан “Яшил макон” дастури доирасида МТТ ҳудудига дарахт экиш учун жалб қилинган. Лекин боғча ҳудудидан ташқари ёки маҳаллалар орасини тозлаш учун эмас. Яна бир нарсани алоҳида айтиш керак, дарахт экиш жараёни ҳам мажбурий амалга оширилгани йўқ”, дейди МТВ Матбуот хизмати раҳбари.
LiveБарчаси