Бош қўмондондек иш тутдим – Байден Россияга қарши қарорлари билан мақтанди

Олам 9671
image
-

АҚШ Президенти Жо Байден Вашингтоннинг Россияга қарши санкциялари унинг мамлакати учун энг яхши танлов эканини айтди.

“Бу (санкциялар) мамлакат учун энг яхшиси. Ҳазил эмас. (...) Агар НАТОдаги энг муҳим куч, биз бирлаштирган ташкилий тузилма Россия агрессиясидан чекинса нима бўлади?”, деган Байден “Associated Press” нашрига берган интервьюсида.

Унинг қайд этишича, Москвага қарши молиявий санкциялар қўллашга қарор қилар экан, у “сайловлар ҳақида ўйлайдиган сиёсатчи каби эмас, балки бош қўмондон сингари иш тутган”.

Айни пайтда Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс брифинг чоғида журналистларга Вашингтон санкцияларни Москва учун “иложи борича оғриқли” қилиш ниятида эканини айтган.

“Бизнинг мақсадимиз – молиявий санкциялар, экспорт назорати ва бошқа тегишли чораларни – Кремль учун, асосий қарор қабул қилувчилар учун имкон қадар оғриқли қилиш учун қўлимиздан келганини қиламиз”, дейди Прайс.

Қайд этиш керакки, Россия Украинага ҳужум қилгач, АҚШ унга қарши кўплаб санкциялар жорий қилди. Вашингтоннинг шахсий санкциялари Россия ҳукумати вазирларидан тортиб, Путиннинг ўзига ва қизларига ҳам таъсир қилди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 21
Рейтинг: 3
t
×