БМТ Украинадаги ҳарбий жиноятлар ҳақида далилларни эълон қилди
Олам
−
23 Сентябрь 2022
10947Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Украинадаги инсон ҳуқуқлари бузилишини текшириш бўйича мустақил халқаро комиссияси ушбу мамлакат ҳудудида содир этилган ҳарбий жиноятлар далилларини топди.
Бу БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг жорий йил июнь ойида Украинага қилган ташрифи якунлари бўйича 51-сессияси доирасида комиссия томонидан тақдим этилган ҳисоботдан келиб чиқади.
Ҳужжатга кўра, комиссия аъзолари Украинанинг 27 та аҳоли пунктларида бўлиб, 150 дан ортиқ воқеа гувоҳи билан суҳбатлашган.
Ҳисобот уруш зоналарида тақиқланган портловчи ўқ-дорилардан фойдаланилгшанига ишора қилади. Бундан ташқари, ҳужумлар тинч аҳоли мавжудлигини ҳисобга олмасдан амалга оширилган.
Комиссия, шунингдек, ҳарбий жиноятлар (қийноққа солиш, қатл қилиш, шафқатсиз муомала ва жинсий зўравонлик) таснифига кирувчи жиноятларнинг аниқланган ва ҳужжатлаштирилган фактлари тўғрисида ҳам маълумот берди.
Комиссия раҳбари Эрик Моузнинг сўзларига кўра, тузилма аъзолари ташриф буюрилган ҳудудларда қатл этилган одамларнинг жасадлари кўплигидан ҳайратда қолган.
“Биз Украинадаги қуролли можаро оқибатида тинч аҳолига етказилган азоб-уқубатлардан хавотирдамиз”, дейди у.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди.
LiveБарчаси