“Биз корпоратив феодализм остида яшамаймиз”. Нью-Йоркда актёр ва ёзувчиларнинг иш ташлаш митинглари давом этмоқда
Маданият-санъат
−
26 Июль 2023
5197Голливуд киностудиялари билан келишмовчилик оқибатида юзага келган иш ташлаш митинглари давом этмоқда. Навбатдаги митинг кеча, 25 июль куни Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтди. Ушбу митингга Браян Кренстон бошчилик қилди ва таъсирли нутқ сўзлади. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар берди.
Times майдонида ўтказилган ушбу митингга одатдагидан кўпроқ юлдузлар ташриф буюрди. Унда “Oскар” ва икки карра “Олтин Глобус” мукофотлари совриндори актёр Браян Кренстон Disney бош директори Боб Игерга қаратилган оловли нутқ билан чиқиш қилди.
“Биламан, жаноб, сиз нарсаларга бошқача объектив назар билан қарайсиз. Биз кимлигимизни тушунишингизни кутмаймиз. Аммо сиздан ишимизни роботларга бермаймиз, деб айтганимизда, бизни тинглашингизни сўраймиз. Биздан ишлаш ва етарлича пул топиш ҳуқуқимизни тортиб олмайсиз. Ва ниҳоят, энг муҳими, биз қадр-қимматимизни олиб қўйишингизга йўл қўймаймиз!» деди у ўз нутқида.
43 йилдан буён кино саноатида ўз фаолиятини олиб бораётган актриса Кристин Барански ҳам актёрлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тарғиботи билан чиқди.
“Биз корпоратив феодализм остида яшамаймиз. Вақт келди, ишларни тўғрилаш вақти келди. Бизнинг ҳиссамиз аҳамиятсиз бўлмайди ва бизни тунашларига йўл қўймаймиз”, деди у.
SAG-AFTRA’нинг миллий ижрочи директори ва бош музокарачиси Дункан Крабтри бундай митинглар киностудиялар актёрлар гильдияси ва унинг ҳамкор ташкилотлари билан музокарага келмагунча давом этишини билдирди.
“Бу компаниялар адолатли ва ҳурматли битим тузмагунча тугамайди. Биз иш ташлашда давом этамиз, ҳуқуқларимизни суиистеъмол қилишларига “йўқ” дейишни давом эттирамиз. Тўғри нарсани ҳимоя қилиш керак бўлган вақт бўлади ва бу вақт – ҳозир”, деди директор.
Эслатиб ўтамиз, америкалик актёрлар уюшмаси SAG-AFTRA ва унинг музокарачилари 12 июль куни Голливуд студиялари билан келишувга эришиб бўлмагани сабаб иш ташлашни тавсия қилди.
Кейинчалик Муаллифлар гилдияси сунъий интеллект компанияларини уларнинг муаллифлик материалларидан ноқонуний фойдаланганликда айблаб, тўлов талаб қилди.
Ушбу митинглар фонида актёр ва ёзувчилар фильм премьералари ва тадбирларига ташриф буюрмай қўйди. Натижада Голливуднинг доим юлдузлар билан гавжум бўладиган фестеваллари ҳувиллаб қолди.
Севара Ҳусниддинова
LiveБарчаси