Уилл Смитнинг 42 млн долларлик уйида ёнғин содир бўлди (видео)

Олам

−

visibility1611 timer2 дақиқа

image

Голливуд актёри Уилл Смитнинг АҚШнинг Калифорния штати Калабасас шаҳридаги 42 миллион долларлик қароргоҳи ҳудудида ёнғин чиқди. Бу ҳақда “Page Six” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, ёнғин кеча, 23 ноябрь куни ярим тунда актёрга тегишли 150 акрлик (қарийб 61 гектар) мулк ҳудудидаги хўжалик биносида бошланган. Ёнғин ҳақида фавқулодда хизматларга қўнғироқ қилинганидан сўнг воқеа жойига ўт ўчирувчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари етиб келган.

Маълум қилинишича, ёнган иншоот 6×12 метр ўлчамдаги омборхона бўлган. Ёнғин бир соатдан камроқ вақт ичида ўчирилган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким шифохонага олиб кетилмаган.

Малибу ва Лост-Ҳиллс шериф идораси вакилининг сўзларига кўра, ёнғин тасодифан келиб чиққан. У актёр ва унинг оиласидан ҳеч ким жабрланмаганини билдирган.

Маълумот учун, бу Уилл Смитнинг қароргоҳи ҳудудида содир бўлган илк ёнғин эмас. 2021 йилда ҳам уйнинг ертўласида ёнғин чиққан. Ўшанда оила аъзолари жабрланмаган, бироқ бир нафар ўт ўчирувчи тиббий ёрдам олган. Ҳодисадан кейин уйда таъмирлаш ишлари олиб борилган.

Уилл Смит ва рафиқаси Жада Пинкетт Смитнинг олти ётоқхонали, 13 ҳаммомли қароргоҳи қурилиши 2010 йилда якунланган. Эр-хотин 2003 йилда уй жойлашган ерни сотиб олган. 2015 йилда улар кўчмас мулкни 42 миллион долларга сотувга қўйган, бироқ кейинчалик уни сотмасликка қарор қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Голливуд юлдузи Уилл Смит Рамазон ойида Қуръони Каримни тўлиқ ўқиб чиққанини маълум қилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг