Рамазонда Қуръонни бошидан охиригача ўқиб чиқдим – Уилл Смит
Маданият-санъат
−
20 Март
23314Ўзбек томошабинларига “Hankok”, “I am lagend”, “Men in black” фильмлари орқали яхши таниш Голливуд юлдузи Уилл Смит Рамазон ойида Қуръони Каримни тўлиқ ўқиб чиққанини маълум қилди. Бу ҳақда у "Big Time Podcast" дастурида сўз очди.
Журналист Амр Адиб билан суҳбатда Уилл Смит ҳаётининг сўнгги икки йили қийин кечгани, бу эса уни ички дунёси ҳақида фикр юритишга ундаганини таъкидлаган. Актёр бу даврда барча муқаддас китобларни, жумладан Қуръонни ҳам ўқиб чиққан.
“Ўтган йили Рамазон ойида Қуръонни бошидан охиригача ўқиб чиқдим. Менга Қуръондаги соддалик ва равшанлик ёқди. Ҳар бир калом жуда аниқ ва тушунарли қилиб, баён қилинган. У жуда гўзал оҳангга ва биллур каби софликка эга”, деган актёр.
Шунингдек, юлдуз Қуръоннинг маъноси унга қандай таъсир қилгани ҳақида гапирган. Таниқли актёр Қуръонни тўлиқ ўқишдан ўзингизга нима олдингиз, деган саволга, китобда Мусо алайҳиссаломнинг неча марта зикр этилганидан ҳайратда қолгани, бунинг қизиқарли экани, пайғамбарнинг қиссаси ва бошидан кечирган воқеалари уни жунбушга келтирганини айтган.
“Оддийлиги мени ҳайратга солди... Қуръон оддий ва ундаги ҳамма нарса ойнадек равшан... ва уни ўқиб чиққандан кейин қандайдир тушунмовчилик бўлиши мумкин эмас”, деган у.
Маълумот учун, Уиллард Кэрролл Смит II 1968 йилнинг 25 сентябрда Филадельфияда туғилган. "Қирол Ричард" фильмидаги Ричард Уилямс роли учун "Энг яхши актёр" номинациясида "Оскар" мукофотини олган. Бундан ташқари у “Экран актёрлари гильдияси” ва "Олтин глобус" мукофотлари, шунингдек, иккита "Grammy" мукофоти совриндори ҳисобланади. 2008 йилда Уилл Смит “Forbes” талқини бўйича Голливуднинг энг кўп маош олувчи актёрлари рўйхатида биринчи ўринни эгаллаганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Уилл Смит Оскар мукофотини топшириш маросимида давра бошловчиси ва қизиқчи Крис Рокга шапалоқ туширганди.
Райхона Улканбаева
LiveБарчаси