Мусаевга янги курси, Турдимовга янги вазирлик, Абдуллаевга янги ишонч, қидирувдаги Олимовнинг янги машмашалари – Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
08:31 897 18 дақиқа
Одамларнинг мушкулидан ёки касаллигидан ўз жиғилдони йўлида фойдаланадиганларга нисбатан луғатингиздаги қайси сўзни ишлатган бўлардингиз? Айниқса, дорихонадаги танқис бўлиб қолган дориларни устига 10 та бармоғини оғзига тиқиб, устама қўядиганларни нима деб аташ мумкин? Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси нақ 9 та МЧЖга қарашли ўнлаб, балки юзлаб дорихоналарда дорилар нархи сунъий оширилгани, оширилганда ҳам 6 бараварга қиммат сотиб келинаётганини аниқлади. Масалан, “SHUNQORLAR” МЧЖга қарашли дорихонада “ПОЛИМИК” воситаси 12 837 сўм бўлса-да, 5,5 баробар қиммат, яъни 70 000 сўм нарх қўйилгани, “КОНВУЛЕКС” дори воситаси сотиш учун рухсат этилган нархи 66 481 сўм бўлса-да, 6 баробар қимматга, яъни 395 000 сўмдан, “MUNO FARM” МЧЖга қарашли дорихонада “СТИМУЛОТОН” таблеткаси сотиш учун рухсат этилган нархи 50 666 сўм бўлса-да, 6 баробар қимматга, яъни 295 000 сўмдан сотилаётгани аниқланган. Шунингдек, “CITY FARM”, “HOSIL FARM”, “AMIR FARM TRADE”, “FERUZA NUR MED”, “LEADER PHARMGROUP”, “PHARM S GOLDEN” ва “RUSLAN BUYUK FARM” МЧЖга қарашли дорихоналарда ҳам айрим дориларнинг нархи асоссиз бир неча бараварга оширилгани аниқланган. Ушбу ҳолат ортидан лицензия талаблари бўйича қайта кўриб чиқиш учун ваколатли органларга сўров юборилган.
Ўзбекистонда иситиш мавсумида газлашмаган ҳамда газ етиб бормаган ҳудудларда электр энергияси бўйича базавий меъёр 200 киловатт-соатдан 350 киловатт-соатга ошириляпти. Тугаётган ҳафтада Президент Шавкат Мирзиёев куз-қиш мавсумида аҳолини, айниқса, эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича таклифлар билан танишди ва маъқуллади.
Тақдимотда электр энергияси, газ, кўмир ва коммунал хизматлар учун тўловлар бўйича амалдаги қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.
Декабрь ойида эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам ажратиш масаласи ҳам муҳокама қилинган. Ижтимоий реестрга кирмаган эҳтиёжманд оилаларнинг электр энергияси, газ, кўмир ва коммунал хизматлар харажатларини қоплашда оиланинг ҳар бир аъзосига қўлланиладиган даромад мезонини 1 миллион 430 минг сўмгача ошириш таклифи кўриб чиқилган. Натижада қўллаб-қувватлаш қамрови яна 166 минг оилага кенгайиши айтилмоқда.
Электр энергияси ва газ бўйича базавий меъёрдан ортиқ истеъмол харажатларининг бир қисмини қоплаш муддатини 2028 йил 1 апрелгача узайтириляпти. Бу чора билан бир йилда 470 минг оилани қамраб олиш назарда тутилмоқда. Шароити оғир маҳаллалардаги 3 мингта хонадонни иссиқлик жиҳатидан ҳимоялаш ва энергия тежовчи ускуналар билан таъминлаш ишлари ҳам давом эттирилади.
Президент Ҳукуматга белгиланган ёрдам учун маблағларни ўз вақтида йўналтириш, эҳтиёжманд оилаларни аниқлашда манзиллиликни таъминлаш ва ёрдам ҳар бир оилага етиб бориши устидан назоратни кучайтиришни топширган.
Латвия Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон фуқароларига виза беришни вақтинча тўхтатишни таклиф этди. Бу ўзбекистонликлар Латвияда жиноятлар, жумладан, вояга етмаганларга қарши жиноий ҳаракатлар содир этаётгани билан боғлиқ.
ИИВ режасига кўра, эҳтимолий чеклов давридан Ўзбекистон томони билан маълумот алмашишни йўлга қўйиш ва Латвияга ташриф буюриш ниятида бўлган фуқароларни текширишни кучайтириш учун фойдаланиш кўзда тутилган.
Таклиф Латвия ҳукуматининг миграция назоратини кучайтириш бўйича кенгроқ сиёсати фонида кўриб чиқилмоқда.
Латвиянинг ўзбекистонликларга виза чекловларини киритиш ҳақидаги таклифи янграши фонида Ўзбекистоннинг Ригадаги элчихонаси томонидан Латвия Бош вазири офиси раҳбарияти, Ташқи ишлар ва Иқтисодиёт вазирликлари, шунингдек, Президент Администрацияси вакиллари билан қатор учрашув ва музокаралар ўтказилган.
Музокаралар давомида Латвия томонига таклиф этилаётган чораларнинг икки томонлама муносабатларга эҳтимолий таъсири юзасидан Ўзбекистоннинг позицияси етказилган. Кўрилган чоралар натижасида Латвия томони мавжуд ҳолатга ўзгартириш киритишга эҳтиёж йўқлигини илгари сурган.
Шунингдек, Миср ҳам ўзбекистонликларга нисбатан виза талабларини кучайтирмоқда. 1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари Мисрга сафар қилишдан олдин кириш визасини Мисрнинг дипломатик ваколатхоналари орқали олдиндан олишлари шарт. Шунингдек, туристик сафарлар ваколатли туроператорлар орқали ташкил этилади.
Ёшга оид талаблар ва молиявий кафолатлар ҳам ўзгармоқда. Хусусан, 40 ёшгача бўлган сайёҳлар Мисрга фақат яқин оила аъзолари (ота-она, эр-хотин ёки фарзандлари) ҳамроҳлигида сафар қилиши мумкин. Бунда оила тасарруфида сафар давомида камида 5000 АҚШ доллари миқдорида нақд маблағ мавжуд бўлиши талаб этилади.
Шунингдек, 40 ёшдан юқори бўлган мустақил саёҳат қилувчилар камида 3000 АҚШ доллари миқдорида нақд молиявий маблағга эга бўлиши керак.
Мамлакатга киришда меҳмонхона брон қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат, мобил алоқа маълумотлари, етарли молиявий таъминот тасдиғи тақдим этилиши керак.
Миср ҳудудида бўлиш давомида туристик визани бошқа турдаги визага алмаштириш бўйича мурожаатлар қабул қилинмайди. Шунингдек, зарур ҳужжатларни тўлиқ тақдим этмаган шахслар мамлакатга киритилмаслиги ва уларни олиб келган авиакомпания орқали қайтарилиши мумкин.
Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси фуқаролардан Мисрга сафарларни режалаштиришда ушбу маълумотларни инобатга олишларини сўрамоқда.
Айтиш ўринлики, 15 сентябрдан бошлаб Таиланд қироллиги ҳам ўзбекистонликларга амалда бўлган 60 кунлик визасиз режимни бекор қилди. Ҳозирда ўзбекистонликлар ушбу мамлакатга боришни истаса, Таиланд Қироллигининг расмий электрон виза портали орқали электрон виза анкетасини тўлдириб, кириш визасини олишлари керак. Электрон виза анкетаси тўлдирилгандан сўнг, виза учун тўловни амалга ошириш учун фуқаро Таиланд Қироллигининг Россия Федерациясидаги Москва шаҳрида жойлашган элчихонасига шахсан бориши керак.
Саудия Арабистонига, айниқса, Умра зиёратига отланаётганлар, диққат қилинг! Тугаётган ҳафтада Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси фуқароларни авиақатновлар жадвалидаги эҳтимолий ўзгаришларни ҳисобга олишга ҳамда эҳтиёткорлик чоралари, тинчлик ва хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирди. Бу Саудия Арабистони ва Ямандаги ҳусийлар ўртасидаги алоқалар ҳамда хавфсизлик манзараси сиёсий музокаралар тўхташи ва чегарадош ҳудудларда кескинлик ортиши билан боғлиқ.
“Минтақада сақланиб қолаётган кескинлик ҳамда ҳаво қатновлари фаолиятида даврий равишда юзага келаётган ўзгаришларни инобатга олган ҳолда, хорижий давлатларга сафарларни режалаштиришда авиарейслар жадвали, парвоз йўналишлари ва транзит қоидаларига киритилиши мумкин бўлган ўзгаришларни ҳисобга олиш сўралади”, дейилади баёнотда.
Саудия Арабистони ҳудудида ички вазият барқарорлигича қолмоқда, жамоат хавфсизлигига таҳдидлар ёки махсус чеклов чоралари қайд этилмаган.
Шу билан бирга, умумий вазиятдан келиб чиққан ҳолда, парвозлар логистикаси, транзит йўналишлари ва кутиш вақтларида юзага келиши мумкин бўлган ўзгаришлар сафар шартлари ва унинг давомийлигига таъсир кўрсатиши, жумладан, парвозларнинг кечикиши, мажбурий равишда бошқа рейсга ўтказилиши ёки парвоз йўналишининг ўзгаришига олиб келиши мумкин.
“Саудия Арабистони ва Яман ўртасидаги чегара ҳудудларига яқинлашмаслик, хавфсизлик масалалари бўйича маҳаллий ҳокимият органларининг кўрсатмаларига қатъий риоя қилиш, ҳарбий объектлар, турли ҳодисалар оқибатларини тасвирга олмаслик, текширилмаган маълумотларни тарқатмаслик, расмий ахборот манбаларидан фойдаланиш, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни доимо олиб юриш тавсия этилади. Зарур ҳолларда Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги дипломатик ваколатхоналари билан боғланиш сўралади”, дейилади элчихона баёнотида.
Жинсий қувватни оширувчи дори, мармар гўшт, бутун оилага қимматбаҳо Корея косметикалари, 150 минг долларлик тюнинг қилинган машина. Бу Миграция агентлигининг собиқ директори Беҳзод Мусаев номига бир вақтлар ўзининг ходими бўлиб ишлаган Азиз Тоштемиров томонидан ёпиштирилган тамғалар.
Улар ҳеч бири исботини топгани йўқ, аммо рад ҳам этилмади, исбот топилиши учун қандайдир текширув ўтказилганидан ҳам хабаримиз йўқ. Сентябрь бошида Миграция агентлиги директори лавозимидан истеъфога чиқарилган Беҳзод Мусаев эса “Ватандошлар” фонди директорлигига тайинлангани ҳақида хабарлар тарқалганди-ю, лекин ҳали расман тасдиқланмаганди. Ҳозиргача ҳам Мусаевга доир тайинлов, унинг янги лавозими ҳақида ҳеч жойда миқ этилмади, расмийлар жим. Бироқ Беҳзод Мусаев ҳақидаги маълумотлар “Ватандошлар” фондининг сайтида раҳбарият бўлимида пайдо бўлди ва энди у фонднинг директори. Бунгача Фондни бошқариб келган Одилжон Сатторов эса Мусаевга ўринбосар бўлди.
Беҳзод Мусаев аввал фаолият юритган Миграция агентлиги ва унинг Кореядаги ваколатхонаси собиқ раҳбари Азиз Тоштемиров теварагидаги воқеалар ҳали тин олгани йўқ. Азиз Тоштемиров бир неча жиноятларда гумонланиб, жорий йилнинг май ойида Интерпол орқали халқаро қидирувга берилган эди. Шундан кейин у ижтимоий тармоқларда “Корея 24” номли канал очиб, у ерда агентлик директори Беҳзод Мусаевга қатор айбловларни ёғдирди. Тоштемировнинг иддао қилиши ва ўз айбловларига аудиоёзувлар, ёзишмалар скриншотларини илова қилишича, Мусаев у Кореяда ишлаётган вақтида ундан жинсий қувватни оширувчи дори, мармар гўшт, бутун оилага қимматбаҳо Корея косметикалари, 150 минг долларлик тюнинг қилинган машина юборишни сўраган. Мусаевнинг ўзи бу айбловларга муносабат билдиргани йўқ, Миграция агентлиги эса ҳолат бўйича текширув кетаётганини маълум қилди, бироқ текширув натижалари очиқлангани йўқ. Бошқа ташкилотлар, хусусан, прокуратура ёки Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Тоштемировнинг айбловлари бўйича текширув ўтказган-ўтказмагани маълум эмас.
Жорий йилнинг май ойида Бош прокуратура Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Ташқи меҳнат миграцияси ва хусусий бандлик агентликлари собиқ мансабдор шахслари томонидан ташкил этилган коррупцион “схема” фош этилганини очиқлаганди. Унда айтилишича, Кореяга ишга юбориш учун жиноий гуруҳ томонидан расмий тўловлардан ташқари фирибгарлик йўли билан 7–12 минг АҚШ долларидан қарийб 90 млн АҚШ доллари йиғилган. Мазкур иш доирасида Давлат хавфсизлик хизматининг 4 нафар собиқ мулозимига нисбатан ҳам айбловлар эълон қилинган. Шу йилнинг 29 июль куни Жиноят ишлари бўйича Бектемир тумани судида ДХХ собиқ мулозимлари Ганчар Узоқов, Алижон Ашуров, Тимур Шариксиев ва Сухроб Сайфутдиновга Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 3-қисми “а” ва “б” бандлари, 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш), 301-моддаси (Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги) 1-қисми билан қўзғатилган жиноят ишини ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқиш бошланган. Ҳозирда суд тафсилотлари жамоатчиликка маълум эмас.
Жамоатчилик орасида ҳоким ўлароқ алоҳида эътироф ва ҳурматга сазовор бўлган Эркинжон Турдимовни яхши танийсиз. У бугунгача Навоий, Сурхондарё, Самарқанд, Сирдарё вилоятларини бошқарди ва яхши бошқарди. Одамлар ундан миннатдор. Бугунгача ўзининг тарбияси, қабул қилган қарорлари, илми билан ҳеч ерда, агар таъбир жоиз бўлса, қовун туширмади. Халқ уни ҳақиқатан яхши кўрди. Бир сиёсатчи ҳақида журналист айтиши керак бўлмаган гапларни айтаётгандирман, балки. Лекин Турдимов ҳақида одамлардан эшитганимиз – шу.
Ўтган ҳафта Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ягона Таълим ва илм-фан вазирлиги сифатида қайта ташкил этилгач, ташкилот раҳбарлигига номзодлар кўриб чиқилаётгани ва улар орасида Турдимов номи ҳам борлиги ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди. Фаоллар орасида айнан Эркинжон Турдимовни таълим, илм жонкуяри сифатида баҳолаганлар кўп бўлди.
Ниҳоят, тугаётган ҳафтада янги вазирликка раҳбар тайинланди. Эркинжон Турдимов номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан Бош вазирнинг биринчи ўринбосари — Таълим ва илм-фан вазири лавозимига тасдиқланди. Президент фармони билан Вазирлар Маҳкамасида Таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш масалалари котибияти ташкил қилинди.
Янги вазирлик олдига мактабгача таълимдан олий таълимгача бўлган босқичлар ва илмий фаолият ўртасида узвийликни таъминлаш, тизимни ягона ёндашув асосида бошқариш вазифаси қўйилди. Ушбу йўналиш ижросини назорат қилиш ва ташкил этиш Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева зиммасига юкланди.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигини бошқарган Қўнғиротбой Шарипов Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректорлигига қайтди. Бу лавозим унга бегона эмас, Шарипов 2019–2024 йилларда айнан ушбу университетга раҳбарлик қилган.
Бор-йўғи 430 кун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигини бошқарган Эъзозахон Каримова эса Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимида иш бошлади. Аммо унинг истеъфоси сентябрь ойи охирида жамоатчиликнинг катта эътирозига сабаб бўлган Намангандаги давлат мактабгача таълим ташкилотининг омбор мудири бўлган шахс 5 яшар тарбияланувчини зўрлагани билан боғлиқ мудҳиш воқеа билан ёдда қолди.
Ички ишлар вазирлиги тизимидаги харидларда 186 миллиард сўмни талон-торож қилганликда айбланган собиқ вазир ўринбосари генерал-майор Бекмурод Абдуллаев ва бошқаларга нисбатан қўйилган айблов ўз тасдиғини топмаган ва улар оқланган. Расмийлар бу ҳақда биринчи марта сўз очди. Гап шундаки, Ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашрапов тугаётган ҳафтада вазирлик фаолиятининг 9 ойлик якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Абдуллаевнинг айби тасдиқланмаганига аниқлик киритган.
Рамазон Ашрапов назарда тутган бошқалар орасида Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи лавозимида ишлаган Рустам Турсунов ҳам бор ва унга қўйилган айбловлар ҳам ўз тасдиғини топмаган.
Гап шундаки, Абдуллаев ва Турсунов 2025 йилнинг ноябрь ойида лавозимидан озод этилганди. 2026 йилнинг 27 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Қўриқлаш бошқармасида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Бекмурод Абдуллаев ва Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи Рустам Турсуновга нисбатан Ички ишлар вазирлиги тизимидаги давлат харидлари доирасида 186 миллиард сўм бюджет маблағи талон-торож қилингани бўйича жиноят иши қўзғатилгани, вазир ўринбосари қамоққа олингани айтилганди.
Жорий йилнинг 29 июль куни Бекмурод Абдуллаев, Рустам Турсунов ва яна 28 кишига оид жиноят ишини судда кўриш бошланди. Шахсий ҳаётга оид ҳамда қонун билан муҳофаза этиладиган бошқа маълумотлар мавжудлиги сабабли маҳкама ёпиқ бўлиб ўтди. Сентябрь ойи ўрталарига келиб, Бекмурод Абдуллаев ва Рустам Турсунов оқлангани ҳақида хабарлар тарқалди, бироқ тасдиқланмади. 24 сентябрь куни Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи билан генерал-майор Бекмурод Абдуллаев Чилонзор тумани ИИО ФМБ бошлиғи лавозимига тайинлангани маълум бўлди. Рустам Турсунов тизимга қайтган-қайтмагани ҳақида эса аниқ маълумотлар мавжуд эмас.
YouTube’даги “Sirojiddin Media” канали муаллифи – блогер Сирожиддин Одилов 4 йилга озодликдан маҳрум этилди.
Жиноят ишлари бўйича Мирзачўл туман судининг 5 октябрдаги ҳукмига кўра, Сирожиддин Одилов бир нафар фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) ва икки нафар фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” ва “в” бандлари (хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда такроран фирибгарлик) билан боғлиқ жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Суд муҳокамаси давомида Сирожиддин Одилов 3 нафар шахсдан 75 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани тўлиқ исботланган ва Одилов томонидан етказилган зарар қопланган.
Шунингдек, шу ҳафта Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида “Real Sanjik” тахаллуси билан танилган Санжар Каримовнинг аппеляция иши бўйича суд жараёни ўз якунига етди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “а” банди билан биринчи инстанция томонидан тайинланган 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси аслича қолдирилди. Шунингдек, Жиноят кодексининг 59–61-моддаларига асосан тайинланган ҳар хил турдаги жазоларни тўлиқ қўшиш йўли билан узил-кесил 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 баравари миқдорида, яъни 136 миллион сўм жарима жазоси тайинланган. Жиноят кодексининг 61-моддасига асосан тайинланган жазолар алоҳида-алоҳида ижро этилиши белгиланди.
Жиззах вилоятида эркак 10 яшар болани 2 ой давомида зўрлаб келгани аниқланди. Унинг ҳаракатлари фош бўлгач, эркак ўз жонига қасд қилди.
2 октябрь куни жабрланувчи боланинг онасининг аризасига асосан Жиноят кодексининг 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
3 октябрь куни суд ажримига асосан айбланувчига нисбатан сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, унга нисбатан қидирув эълон қилинган. Олиб борилган тергов ва тезкор-қидирув тадбирлари натижасида айбланувчининг мурдаси 4 октябрь куни ўзи яшаган хонадонда арқонга осилган ҳолда топилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Жиззах шаҳар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан кейс очилиб, бола бирламчи баҳолашдан ўтказилган ва унга психологик хизмат кўрсатиш ташкил этилган.
Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманидаги техникумда эса 37 ёшли мастер 16 яшар ўқувчи қизга нисбатан шаҳвоний шилқимлик қилди. 6 октябрь куни судда мазкур иш кўриб чиқилиб, техникум ўқитувчиси айбига иқрор бўлмаган. Суд қарори билан ўқитувчи Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган, деб топилган. Унга ушбу модда билан 5 сутка маъмурий қамоққа олиш жазоси тайинланди ва лавозимдан озод қилинди.
Ўзбекистон сўрови билан Интерпол орқали халқаро қидирувга берилган “Anorbank” бошқаруви акциядори, Кузатув кенгаши аъзоси Қаҳрамонжон Олимов банк Кузатув кенгаши таркибидан чиқиш тўғрисида ариза берди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати ахборот тарқатди. Бироқ Олимов банкка аризани қай йўсинда бергани, у билан қандай қилиб алоқа ўрнатилгани маълум эмас. Ҳолбуки, Қаҳрамонжон Олимов ҳамон Интерпол қидираётган шахслар рўйхатида турибди.
Қайд этилишича, “Anorbank” рейтингнинг аввал пасайишига сабаб бўлган омилларни бартараф этиш бўйича зарур чораларни кўрган. Қаҳрамонжон Олимов 2 октябрь куни Кузатув кенгаши таркибидан чиқиш тўғрисида ариза берган. Унинг аризаси 28 октябрь куни акциядорларнинг умумий йиғилишида кўриб чиқилиши айтилмоқда.
“Банк одатдаги режимда фаолият юритишда, мижозлар олдидаги мажбуриятларини бажаришда ва барча асосий банк хизматларининг ишлашини таъминлашда давом этмоқда. “Anorbank” капитални мустаҳкамлаш бўйича эълон қилинган режани изчил амалга оширмоқда ва унинг асосий босқичлари бўйича бозорни хабардор қилиб боради”, дейилади хабарда.
Ўтган ой “The Insider” нашри ўз манбаларига таяниб, Қаҳрамонжон Олимов бир йил аввал ўзининг ўғирлаб кетилиши билан боғлиқ воқеани уюштиргани учун халқаро қидирувга берилгани ҳақида ёзганди.
Унда айтилишича, Олимов собиқ иш берувчиси ва иқтисодий низодаги рақиби Ботир Раҳимовни жиноят ташкилотчиси сифатида кўрсатиш учун Францияда ўзини ўғирлашларини саҳналаштирган бўлиши мумкин. 2025 йилнинг ноябрь ойида “The Insider” ва Франциянинг “L’Express” нашрлари Олимов тақдим этган талқинда кўплаб зиддиятлар ва сохталаштириш аломатларини аниқлаган. Хусусан, гўёки озод қилинганидан сўнг банкир ўзини ўғирлаган шахс деб атаган одам билан дўстона ёзишган, сўнгра қўлга олинишининг олдини олиш учун уни полиция ҳақида огоҳлантириб, “узоқроқ юришни” сўраган.
Нашрнинг ёзишича, эндиликда Олимов Раҳимовни ўзини ўғирлашда айблаб, унга туҳмат қилганликда, сўнг Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари ёрдамида Раҳимовни жиноий таъқиб қилиш таҳдиди остида молиявий даъволардан воз кечишга мажбурлаш учун унинг ўзини ўғирлашни ташкил этганликда айбланмоқда. Аммо халқаро матбуотда янграган бу иддаолар расман тасдиқланмаган, Олимов нимада айбланаётгани ҳақида ҳам расмий билдиришлар эълон қилинмади.
Қорақалпоғистонлик уч йигит нақ 250 кишининг пластик карталаридаги 3 миллиард сўмга яқин пулини ечиб олди.
Гап шундаки, Нукус шаҳрида яшовчи, 2004 йилда туғилган, аввал ўғрилик жинояти учун судланган фуқаронинг телефонини текшириш давомида Telegram мессенжеридаги ёпиқ каналлардан бирида хорижлик фойдаланувчилар билан ёзишмалари аниқланган.
У 2025 йил 1 августдан бошлаб Telegram’даги “Tom” ва “Mel” номли аккаунт эгалари билан ҳамкорлик қилган. Улар фуқароларнинг банк карталари маълумотлари ва SMS тасдиқлаш кодларини қўлга киритиш орқали ҳисобларидаги пулларни ечиб олиш билан шуғулланган.
Жиноят схемасига кўра, хорижлик шериклар фуқароларга APK форматидаги зарарли файлларни тарқатган. Ушбу файлларни юклаб олганларнинг банк карталарига оид маълумотлар ва ҳисобларидаги маблағлар ҳақидаги ахборот жиноятчиларга бориб тушган. Шундан сўнг йигит олинган маълумотлар ёрдамида операцияларни амалга ошириб, пулларни шериклари берган бошқа карталарга ўтказган.
Унинг айтишича, карталардан ўғирланган маблағларнинг 15 фоизи USDT криптовалютаси кўринишида ўзига берилган. У баъзи кунларда 2–3 млн сўмгача даромад топган. Тергов давомида йигит верификациядан ўтказиш учун одам топишда қийналгач, ўзига яна икки нафар шерик ёллагани аниқланган.
Жумладан, 2004 йилда туғилган, илгари судланмаган шериги одамларни оз миқдордаги пул эвазига верификациядан ўтказиб, уларнинг номидан молиявий операцияларни амалга оширган. У ўз кўрсатмасида 2025 йил декабрь ойи бошида таниши иш таклиф қилганини, вазифаси верификациядан ўтадиган одамларни топиш ва уларга тегишли маълумотларни тизимга киритишдан иборат бўлганини билдирган. Бунинг эвазига у ўтказилган маблағларнинг 5 фоизини олган, верификациядан ўтган фуқароларга эса 50–100 минг сўмдан берган.
Гуруҳнинг яна бир аъзоси эса моддий манфаат эвазига бошқа шахсларни мобил тўлов иловаларида верификациядан ўтказиш, уларнинг номига виртуал банк карталари очиш ҳамда бошқа молиявий хизматлардан фойдаланиш учун зарур маълумотларни тайёрлаш билан шуғулланган. Бунинг учун у фуқароларга 100–200 минг сўм миқдорида ҳақ тўлаган.
Айрим иштирокчилар жиноят эканини англаб, бу фаолиятни тўхтатмоқчи бўлганида, уларга босим ўтказилган. Улардан бирининг айтишича, жиноятни давом эттиришга мажбурлаш мақсадида унинг шахсий суратлари ва маълумотларини тарқатиш, уйига одам юбориш билан таҳдид қилинган.
Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари якунланиб, иш ҳужжатлари жазо тайинлаш масаласини кўриб чиқиш учун судга юборилган.
Шунингдек, Қорақалпоғистонда шу каби жиноятларни содир этган яна 8 та гуруҳ аниқланиб, уларнинг аъзолари қўлга олинган. Ҳозирда улар юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ушбу гуруҳларнинг 7 таси Қорақалпоғистонда яшовчи ёшлардан, биттаси эса бошқа вилоят вакилларидан ташкил топган.
Ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашраповнинг шу ҳафта мамлакат фуқароларига йўллаган мурожаатида айтилишича, бугунги кунда содир этилаётган деярли ҳар иккита жиноятнинг биттаси ахборот технологиялари орқали амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистондаги кибержиноятларнинг 90 фоизи айнан чет давлатлардан ва трансчегаравий хусусиятга эга.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь