Беларусни “ҳамкор-агрессор” деб тан олиш талаб қилинмоқда

Олам 5104
image

Украина Олий Радаси депутатлари Беларусни “ҳамкор-агрессор” деб тан олишни ва Минскка қарши санкциялар қўллашни талаб қилувчи қонун лойиҳасини тақдим этди.

"Халқаро ҳуқуқ меъёрларига кўра, Беларусь ҳамкор-агрессор ҳисобланади, чунки у ўз ҳудудини ихтиёрий равишда Россия Федерацияси Қуролли Кучларига Украинага қарши тажовузкор ҳаракатларни амалга ошириш учун берган. Бундай ёрдам туфайли Россия қўшинлари икки кунда Киевга яқинлашиб, Чернобиль АЭС, Славутич, Ирпень шаҳарларини, Иванков, Гостомель, Буча ва Украина шимолидаги бошқа аҳоли пунктларини эгаллаб олди”, дейилади ҳужжатда.

Қайд этилишича, қонун лойиҳасининг мақсади  Украина томонидан Беларусга нисбатан, хусусан, унинг мулк ҳуқуқи объектларини мажбурий олиб қўйиш механизмини ишлаб чиқишни назарда тутувчи махсус иқтисодий ва бошқа чекловчи чораларни жорий этишдан иборат. 

Депутатлар, шунингдек Украина ва Беларусь фуқаролигига эга бўлган шахсларни Украина фуқаролигидан маҳрум қилиш учун асослар рўйхатини кенгайтиришни таклиф қилмоқда.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 4
Рейтинг: 3
t
×