Байден Украина учун энг катта ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди
Олам
−
24 Август 2022
7565АҚШ Президенти Жо Байден бугун, 24 август куни Украинага АҚШ тарихидаги энг катта 2,98 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам пакети ажратилишини эълон қилди. Бу ҳақда Оқ уй томонидан эълон қилинган Президент баёнотида сўз боради.
"Қўшма Штатлар Украина халқи ўз суверенитети учун курашни давом эттираётганда уларни қўллаб-қувватлашга содиқдир. Ушбу мажбуриятнинг бир қисми сифатида мен бугунги кунга қадар энг катта хавфсизлик пакетини эълон қилишдан фахрланаман: Украина хавфсизлигини таъминлаш ташаббуси доирасида қурол ва жиҳозлар учун тахминан 2,98 миллиард доллар ажратилади”, дейилади ҳужжатда.
Баёнотда таъкидланганидек, бу Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, артиллерия тизимлари ва ўқ-дорилар, шунингдек, узоқ муддатли мудофаа учун учувчисиз ҳаво ҳужумига қарши тизимлар ва радарларни олиш имконини беради.
Байден, шунингдек, Украина халқини мустақиллик байрами табриклаб, бу кун Украина суверен ва мустақил давлатлиги ва шундай бўлиб қолишининг ишончли тасдиғи бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Кеча, 23 август куни "Associated Press" агентлиги АҚШнинг Киевга қўшимча ҳарбий ёрдам ажратиш режалари ҳақида хабар берди. Агентлик таъкидлаганидек, шу йўл билан Америка раҳбарияти ўрта ва узоқ муддатли истиқболда Украинанинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ниятида. Шу билан бирга, агентликнинг таъкидлашича, Америка раҳбарияти украиналик ҳарбийларни мамлакат ташқарисида тайёрлаш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтиришни кутмоқда.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси