Байден Пригожинга “заҳарланишдан эҳтиёт бўлишни” маслаҳат берди
Олам
−
14 Июль 2023
6054АҚШ Президенти Жо Байден “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожинга муваффақиятсиз қўзғалондан сўнг “заҳарланишдан эҳтиёт бўлишни” маслаҳат берди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
“Агар мен унинг ўрнида бўлганимда, еётган нарсаларимга эҳтиёт бўлардим. Таомномамга эътиборли бўлардим”, дейди Байден кеча, 13 июль куни Финляндия пойтахти Хельсинкида бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
АҚШ раҳбари мазкур ҳазил орқали Россия махсус хизматлари Путиннинг сиёсий рақибларини заҳарлаб ўлдиришга урингани ҳақидаги бир қатор шов-шувли хабарларга ишора қилган.
Байдендан Россияда Пригожин исёнидан сўнг Путин Украина урушида янги кескин чоралар ҳақида ўйлаётган бўлиши эҳтимоли ҳақида сўралганда, у Пригожин айни пайтда қаерда экани ва унинг Путин билан ҳозирги муносабатлари қандайлигидан хабари йўқлигини айтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг истеъфодаги генерали Пригожин аллақачон ўлдирилган ёки қамалган бўлиши мумкинлигини айтганди.
Маълумот учун, жорий йилнинг 3 июль куни “Вагнер”га алоқадор “Grey Zone” Telegram-каналида Пригожинники экани айтилган аудиоёзув пайдо бўлганди. Унда яқин келажакда “Вагнер”нинг кейинги ғалабаларини фронтда кўришга ишонч билдирилган.
“Бугун биз ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ сизнинг ёрдамингизга муҳтожмиз. Бунинг учун раҳмат. “Адолат юришимиз” сотқинларга қарши курашиш, жамиятимизни сафарбар қилишга қаратилганини тушунишингизни истардим. Ўйлайманки, биз бу борада кўп нарсага эришдик”, деган “Вагнер” раҳбари.
Шундан буён Пригожин бирор марта оммага кўриниш бермаган. Жорий йилнинг 27 июнь куни Беларусь фуқароси Александр Лукашенко “Вагнер” раҳбарининг Беларусда эканини тасдиқлаганди. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков 29 июнь куни берган баёнотида Пригожиннинг қаерда эканини билмаслигини маълум қилди. 6 июль куни эса Лукашенко Пригожиннинг Беларусда эмаслиги, чунки у Санкт-Петербург ва эҳтимол Москвага кетган бўлиши мумкинлигини айтди. 10 июлда француз нашрларидан бири разведка маълумотларига таянган ҳолда 29 июнь куни Путин Пригожин ва “Вагнер” қўмондонлари билан Кремлда учрашгани ҳақида хабар берди. Бир неча соат ўтиб, Дмитрий Песков ушбу хабарни тасдиқлаб, Путин Кремлда Пригожин билан уч соат давомида суҳбатлашганини очиқлади. Кеча, 13 июль куни Путиннинг шахсан ўзи “Коммерсанть” мухбирига берган интервьюсида у ростдан ҳам 29 июнь куни Пригожин ва 35 нафар “Вагнер” командири билан учрашиб, уларга ҳарбий хизматни давом эттиришнинг бошқа вариантларини таклиф қилганини билдирди.
Пригожиннинг бир кунлик исёни
Жорий йилнинг 24 июнь куни “Вагнер” жангчилари Ростовдаги Жанубий ҳарбий округ штаб-квартирасини эгаллаб олди. Пригожин Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов “Вагнер”га топширилишини талаб қилиб, Москвага боришини эълон қилди. Бу орада Москвада ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати эса Пригожинга қарши жиноий иш қўзғатди. Кечга бориб Беларусь фуқароси Александр Лукашенко Россия Федерацияси Президенти билан келишилган ҳолда “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин билан музокара олиб боргани маълум бўлди. Музокаралар якунида Россия ҳудудида қуролли ҳаракатларни тўхтатиш ва кескинликни юмшатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Пригожин ҳам Москвага кетаётган қўшинлари ортга қайтарилганини маълум қилди.