Ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш бўйича қандай чоралар кўрилмоқда?
Жамият
−
19:26 235 2 дақиқа
Сўнгги кунларда ис газидан заҳарланиш оқибатида инсонлар ҳалок бўлиши билан боғлиқ ҳолатлар яна кун мавзусига айланди. Хусусан, Тошкент ва Фарғонада ис газидан 18 киши заҳарланиб, вафот этди. Мазкур фожиаларда иситиш қозонлари ҳамда газ таъминоти тармоғига нотўғри уланиш билан боғлиқ камчиликлар аниқланган. Хўш, хусусий уйларнинг ертўла қисмига газда ишлайдиган иситиш қозонларини ўрнатишга рухсат бериладими? Бу ҳақда бугун, 4 ноябрь куни ўтказилган матбуот анжуманида Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи Аҳадхон Исоқжонов QALAMPIR.UZ мухбири саволига жавобан маълум қилди.
Унинг билдиришича, газ қозонларини қаерга ўрнатиш мумкинлиги лойиҳа ҳужжатлари, шаҳарсозлик нормалари ва газ хўжалигини лойиҳалаштириш қоидалари асосида белгиланади. Газ таъминоти корхонаси техник шарт беради, лойиҳа ташкилоти эса ускунанинг жойлашуви ва уни ишлатиш учун зарур ҳаво ҳажмини белгилайди.
Қайд этилишича, агар маиший истеъмолчи газ ускунасидан лойиҳа ҳужжатларида кўрсатилмаган тартибда фойдаланса, у дарҳол газ тармоғидан узилади ва табиий газ етказиб бериш тўхтатилади. Инспекция вакили бундай ҳолат ноқонуний фойдаланиш ҳисобланишини таъкидлади.
“Инспекция раҳбари сифатида ўзим ҳам Жиззах вилоятига бириктирилганман. Ҳозирда Шароф Рашидов ва Пахтакор туманлари ҳокимлари билан биргаликда, маҳаллалардаги еттиликлар ҳамда таъминотчи корхоналар иштирокида профилактика ишларини ташкил этяпмиз.
Газ қозонлари ёки плиталарини подвалга ўрнатиш мумкинлиги лойиҳа ҳужжатлари, шаҳарсозлик нормалари ва газ хўжалигини лойиҳалаштириш қоидаларида белгиланган. Таъминотчи корхона техник шарт беради, лойиҳа ташкилоти эса газ ускуналарини қаерга жойлаштириш ва уларнинг хавфсиз ишлаши учун қанча ҳаво ҳажми зарурлигини лойиҳада кўрсатади.
Агар маиший истеъмолчи газ ускунасидан тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларидан четга чиққан ҳолда фойдаланса, у зудлик билан тармоқдан узилади ва табиий газ етказиб бериш тўхтатилади. Бу, содда қилиб айтганда, ноқонуний фойдаланиш ҳисобланади”, дейди Аҳадхон Исоқжонов.
Инспекция бошлиғининг таъкидлашича, Президент топшириғига асосан, ноябрь ойи энергия ресурсларидан хавфсиз фойдаланиш ойлиги деб эълон қилинган. Ҳозирда республика бўйлаб аҳоли хонадонлари ва бошқа объектлардаги газ ускуналари ҳамда дудбуронларни текшириш, уларни профилактик кўрикдан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.
Live
Барчаси