Фарғонадаги 3 та боғчада болалар овқатдан заҳарланди
Crime
−
12:16 750 1 minute
Фарғона шаҳридаги учта боғчада тарбияланаётган болалар овқатдан заҳарланиш аломатлари билан шифохонага мурожаат қилди. Бу ҳақда Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, 2-, 7- ва 47-сонли боғчалар тарбияланувчилари тана ҳароратининг кўтарилиши, қорин оғриғи, ҳолсизлик, кўнгил айниши ва ич кетишидан шикоят қилган.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Болалар боғчаларда истеъмол қилган озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, нонушта, тушлик ва кечки тамаддида ейилган таомлар ўрганилган. Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берувчилар ҳам аниқланган.
Текширув учун озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр таомлардан бактериологик таҳлил учун намуналар олинган. Айни пайтда эпидемиологик суриштирув ва лаборатория текширувлари давом этмоқда.
Бугун, 26 октябрь соат 11:00 ҳолатига кўра, шифохонада даволанаётган болаларнинг аҳволи барқарор. Оғир аҳволдаги беморлар йўқ. Шифохонага мурожаат қилган яна 23 нафар боланинг аҳволи қониқарли деб баҳоланиб, уларга тиббий тавсиялар берилган ва уй шароитида даволанишга рухсат этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида овқатдан заҳарланишда гумон қилинган 37 киши шифохонага ётқизилганди.
Live
All