Барча йирик давлатлар Украинанинг ЕИга қўшилишига қарши – Марио Драги

Олам

image

Украинага Европа Иттифоқи аъзолигига номзод мақомини бериш ҳозирда аксарият давлатларнинг эътирозлари туфайли кутилмаяпти. Бу ҳақда Италия Бош вазири Марио Драги Европа Иттифоқининг навбатдан ташқари саммитидан сўнг бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, дея хабар беради “Ansa”.

“Мен Украинанинг ЕИга киришини бошидан қўллаб-қувватлаганман. Аммо Италиядан ташқари Иттифоқининг барча йирик давлатлари Украинанинг Европа Иттифоқи аъзолигига номзод мақомига эътироз билдирмоқда. Номзод мақомини бериш ҳозирча бу мамлакатларнинг қаршиликлари туфайли кутилмаяпти”, дейди Драги.

Унинг таъкидлашича, Еврокомиссия тезлаштирилган тартибни жорий этиш масаласини кўриб чиқмоқда. 

“Ҳозирда мавжуд бўлмаган йўл, лекин уни таклиф қилиш мумкин ва Еврокомиссия [бу масала бўйича] ҳисобот тайёрлайди”, дейди Италия Бош вазири.

Эслатиб ўтамиз, Россия Қуролли кучларининг ҳужумидан сўнг Киев зудлик билан Европа Иттифоқи аъзолигига номзод бўлиш ниятини эълон қилган. Бунга жавобан, Брюссел ҳам Украина ташаббусига илиқ муносабат билдирганди. Франция раҳбари Эммануэль Макрон эса Украинанинг ЕИга қўшилиш жараёни бир неча йил, ҳатто ўнлаб йиллар давом этиши мумкинлигини таъкидлади.

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши июнь ойида ҳал бўлишини айтган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

24

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг