“Бахти Ташкентский” иши: судья терговчига нисбатан хусусий ажрим чиқарди
3-саҳифа
−
19 Июль
8831Жиноят оламида “Бахти Ташкентский” номи билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев ва унинг шерикларига оид ишни кўрган судья дастлабки терговни олиб борган терговчи устидан хусусий ажрим чиқарган. Бу ҳақда судда қатнашган QALAMPIR.UZ мухбири хабар бермоқда.
Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди судьяси Толибжон Обидовнинг маълум қилишича, суд дастлабки тергов органи томонидан терговни олиб боришда йўл қўйган процессуал хатоликлар устидан терговчига нисбатан хусусий ажрим чиқарган.
Бироқ судья терговчи қандай процессуал хатоликка йўл қўйганига аниқлик киритмади.
Қайд этиш жоизки, хусусий ажрим муҳокамаси натижасига кўра, терговчининг жавобгарлиги (интизомий ва бошқа) кўрилиши мумкин.
Шу билан бирга, жабрланувчилар Султонов ва Очиловларга нисбатан ўта оғир жиноят содир этганлик тўғрисида ёлғон хабар бергани учун Жиноят-процессуал кодексининг 417-моддаси (Жиноий жавобгарликка тортилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланганда суднинг ҳаракатлари) тартибида прокурорга хабарнома юборган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ суд Бахтиёр Қудратуллаевни 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш, унинг акаси Шуҳрат Қудратуллаевни 10 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш, ўғиллари Бекзод Зафаров ва Ихтиёр Қудратуллаевга 11 ва 9 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш, мазкур иш доирасида судланганлар орасидаги ягона аёл судланувчи Наргиза Жуманиёзовани эса 4 йил-у 4 ой муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилгани хабар қилинганди.