“Аёл. Ҳаёт. Озодлик". Тинчлик учун Нобель қамоқдаги Наргис Муҳаммадийга берилди
Олам
−
06 Октябрь 2023
111292023 йилги тинчлик учун Нобель мукофотига эронлик ҳуқуқ фаоли ва “Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари” ташкилоти вице-президенти Наргис Муҳаммадий лойиқ кўрилди. Нобель қўмитасининг тегишли қарори бугун, 6 октябрь куни Ослода эълон қилинди.
“Наргис Муҳаммадий Эронда аёлларга нисбатан зулмга қарши кураш ҳамда барча учун инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини тарғиб қилишдаги саъй-ҳаракатлари учун Нобель мукофоти билан тақдирланди”, дейилади қўмита баёнотида.
Норвегия қўмитаси раҳбари Берит Рейс-Андерсен лауреат номини эълон қилар экан, ўз нутқини Наргис асос солган ҳаракат шиори – “Аёл. Ҳаёт. Озодлик" билан бошлаган.
"Наргис Муҳаммадийга 31 йиллик қамоқ ва 154 дарра калтаклаш жазоси тайинланди. Мен бу сўзларни айтаётган пайтимда у қамоқда", дейди Рейс-Андерсен.
Шунингдек, Нобель қўмитаси 2023 йилги мукофотни ўтган йил давомида Эронда “Аёл – ҳаёт – эркинлик” шиори остида аёлларга нисбатан камситишларга қарши норозилик намойиши ўтказган юз минглаб эронликларга бағишлашга қарор қилган.
Маълумот ўрнида, Наргис Муҳаммадий 2016 йилда ўз ватанида ўлим жазосини бекор қилиш тарафдори бўлган инсон ҳуқуқлари ҳаракатига раҳбарлик қилгани учун 16 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. У 2020 йилда озодликка чиқди, аммо 2021 йил охирида яна ҳибсга олинган ва ҳозир Теҳрондаги Эвин қамоқхонасида сақланмоқда.
1901 йилдан бери 103 та тинчлик мукофоти берилган бўлса, шулардан 18 таси аёлларга насиб қилган. Мукофотланганлар орасида 27 та турли ташкилот бор. Тинчлик мукофотидан воз кечган ягона шахс вьетнамлик сиёсатчи ва дипломат Ле Дик Тхо бўлиб, у 1973 йилда АҚШ Давлат котиби Генри Киссинжер билан бирга Вьетнам можаросини ҳал қилишдаги саъй-ҳаракатлари учун мукофотга лойиқ кўрилган эди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ физика, тиббиёт, кимё ва адабиёт бўйича Нобель мукофоти совриндорлари эълон қилинганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь