COVID-19 га қарши вакцина ишлаб чиқишга ҳисса қўшган олимлар Нобель мукофотини олди
Олам
−
04 Октябрь 2023
4723Физиология ёки тиббиёт бўйича бу йилги Нобель мукофотини венгриялик Каталин Карико ва америкалик Дрю Вайсманга насиб этди. Улар COVID-19 га қарши самарали мРНК вакциналарини яратишга олиб келган кашфиётлари учун мукофотни қўлга киритди. Бу ҳақда Нобель қўмитаси хабар берди.
“Каталин Карико ва Дрю Вайсманнинг кашфиёти 2020 йилда бошланган пандемия даврида COVID-19 га қарши самарали мРНК вакциналарини яратишда ҳал қилувчи роль ўйнади”, дейилади қўмита баёнотида.
Карико 1970 йилларда Венгрияда фан билан шуғуллана бошлаган. 1980 йилларнинг ўрталарида у Қўшма Штатларга кўчиб ўтган ва у ерда Пенсильвания университети доктори Эллиотт Барнатан билан биргаликда ин витро (синов найчасида) мақсадли ҳужайраларга киритилиши мумкин бўлган мРНКни яратган.
Вайсман билан учрашгандан сўнг, Карико турли касалликларни даволаш учун икки занжирли РНКдан фойдаланиш бўйича клиник тадқиқотда иштирок этди ва 1990 йилда у мРНК асосидаги ген терапиясини яратишни таклиф қилди. Кейинчалик Карико ва Вайсман синтетик мРНК инъекцияларидан фойдаланиб, лаборатория сичқонлари ва маймунларида анемиянинг айрим шаклларини даволаш учун буюриладиган гормон – эритропоэтин ишлаб чиқаришни кўпайтирди.
2021 йил сентябрь ойида Карико ва Вайсман модификацияланган мРНК ишлаб чиқариш технологиясини ишлаб чиққани учун “Breakthrough Prize” мукофоти совриндорлари бўлди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 3 октябрь куни физика бўйича Нобель мукофоти совриндорлари эълон қилинганди. Бугун, 4 октябрь куни эса Стокгольмда кимё бўйича Нобель мукофоти совриндорлари маълум бўлди. Эртага, 5 октябрда адабиёт, 9 октябрда эса иқтисод бўйича навбатдаги Нобель мукофоти совриндори номи эълон қилинади. 6 октябрь куни эса Ослода тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори аниқланади.
LiveБарчаси