2027 йилда таълим ва тиббиётга 176 трлн сўм ажратиш режалаштирилмоқда
Ўзбекистон
−
20:39 531 3 дақиқа
2027 йилда Ўзбекистонда таълимга 114,3 триллион сўм (ўтган йилдан 14 триллион сўм кўп), тиббиётга 61,4 триллион сўм (ўтган йилдан 12 триллион сўм кўп) ажратилиши кўзда тутиляпти. Бу ҳақда бугун, 13 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев ўтказган 2027 йил учун Давлат бюджетининг мақсадли кўрсаткичлари, асосий макроиқтисодий прогнозлар ҳамда бюджет-солиқ сиёсатининг устувор йўналишлари юзасидан йиғилишда сўз борди.
Қайд этилишича, жорий йил якунида мамлакат иқтисодиёти камида 8 фоизга ўсиши, ялпи ички маҳсулот ҳажми 200 миллиард доллардан, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад эса 5,2 минг доллардан ошиши кутилмоқда. 2030 йилга бориб ялпи ички маҳсулот ҳажмини 300 миллиард долларга, келгуси ўн йилда аҳоли жон бошига даромадни 10 минг долларга етказиш мақсад қилинган.
Билдирилишича, келаси йил таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни молиялаштириш учун жами 176 триллион сўмга яқин маблағ йўналтириш режалаштирилмоқда. Таълимга 114,3 триллион сўм (ўтган йилдан 14 триллион сўм кўп), тиббиётга 61,4 триллион сўм (ўтган йилдан 12 триллион сўм кўп) ажратилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, ҳудудлар ва маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш, инсон капиталини ривожлантириш ҳамда ижтимоий ҳимояни кучайтириш учун 70 триллион сўм ажратилиши белгиланмоқда.
Йиғилишда ижтимоий мажбуриятларни барқарор молиялаштириш учун иқтисодиётнинг йиллик ўсиш суръатларини камида 7 фоиз даражасида таъминлаш, мавжуд захиралар ва янги технологик омилларни ишга солиш зарурлиги таъкидланган.
Шу мақсадда келгуси йилдан иқтисодий ўсишнинг янги моделига ўтиш, ҳар бир тармоқда юқори қўшилган қиймат яратиш, меҳнат унумдорлигини ошириш, экспорт салоҳиятини кенгайтириш ва юқори даромадли иш ўринларини кўпайтириш асосий вазифалар этиб белгиланмоқда.
Йиғилишда узоқ муддатли юқори иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган янги ёндашувлар кўриб чиқилган. Халқаро тажриба барқарор тараққиётнинг асосий омиллари экспортга йўналтирилган рақобатбардош ишлаб чиқариш, технологиялар трансфери, инвестициялар самарадорлиги, макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий сиёсатнинг ўзгарувчан шароитларга мослашувчанлиги эканини кўрсатмоқда.
Шундан келиб чиқиб, иқтисодий ўсишнинг янги модели асосини замонавий саноат сиёсати ташкил этиши белгиланмоқда. Ушбу сиёсат юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар тайёрлашга ўтиш, илғор технологияларни жалб қилиш, миллий корхоналарнинг халқаро ишлаб чиқариш занжирларига интеграциясини кучайтириш ва экспорт таркибини диверсификация қилишга қаратилган.
Хусусан, кимё ва нефть-кимё, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, фармацевтика ва бошқа истиқболли саноат тармоқларини жадал ривожлантириш бўйича янги стратегия ишлаб чиқилмоқда.
Янги саноат сиёсати доирасида ҳар бир устувор тармоққа йирик халқаро компаниялар ва бренд инвесторларни жалб қилиш, замонавий саноат зоналарини шакллантириш, маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш ҳамда корхоналарнинг технологик салоҳиятини ошириш режалаштирилмоқда. 2027 йилда ҳар бир истиқболли тармоққа камида 2–3 тадан йирик инвесторни жалб қилиш кўзда тутилган.
Шу билан бирга, яримўтказгичлар, робототехника, биотехнологиялар, электромобиллар учун юқори технологик бутловчи қисмлар ва аккумуляторлар ишлаб чиқариш каби янги йўналишларни ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу мақсадларни амалга ошириш учун халқаро брендларни жалб қилиш, илмий-тадқиқот ва ишланмаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рақобатбардош миллий ишлаб чиқарувчиларни ривожлантиришнинг янги рағбатлантириш механизмлари кўзда тутилмоқда.
Live
Барчаси