Австралия Путиннинг қариндошлари ва маъшуқасига санкция киритди
Олам
−
02 Июль 2022
7103Аввалроқ, Австралия Украинадаги уруш муносабати билан 16 нафар россияликга нисбатан шахсий санкциялар жорий қилгани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур “қора рўйхат”га миллиардер Год Нисанов, Владимир Путиннинг қариндошлари — Роман, Михаил ва Игорь Путин ҳамда Алина Кабаева ҳам киритилган. Бу ҳақда “Forbes” хабар берди.
“Санкциялар орасида Президент Путиннинг қариндошлари — тадбиркор Игорь Путин, "Согаз" суғурта компанияси бошқаруви раиси ўринбосари Михаил Путин, “МРТ компаниялар гуруҳи” директорлар кенгаши раиси Роман Путин ва “Миллий медиа гуруҳи” директорлар кенгаши раиси Алина Кабаева ҳам киритилган”, дейилади хабарда.
Чекловлар активларни музлатиб қўйишни ўз ичига олади ва рўйхатга олинган шахсларнинг мамлакатга кириши тақиқланади.
Эслатиб ўтамиз, шу кунгача Украинадаги уруш туфайли Австралия 828 нафар Россия ва Беларус фуқароларига, жумладан, икки давлат Президентлари Владимир Путин ва Александр Лукашенкога, шунингдек Россиянинг 47 та йирик корхона ҳамда ташкилотига нисбатан санкциялар жорий қилган. Бундан ташқари, қурол ва бутловчи қисмлар, хомашё, нефт ва газ қазиб олиш учун ускуналар экспорти, Россиядан энергия, қурол ҳамда ўқ-дориларни олиб кириш тақиқланади.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси