Артист таслим бўлганини эълон қилишига оз қолди – Болгариялик генерал урушда кимнинг қўли баланд келиши ҳақида

Олам 43617
image

Болгариялик эксперт, истеъфодаги генерал Димитар Шивиковнинг фикрича, Украинанинг Россия билан можарода ғалаба қозониш имконияти йўқ. Бу ҳақда унинг сўзларига асосланиб ТАСС ёзмоқда. 

"Бу можарода ким ғалаба қозонишига шубҳам йўқ, бу махсус ҳарбий операцияда ўзининг ҳарбий контингенти билан иштирок этган Россия Федерацияси бўлади. Мағлубиятга учраган томон – Украинадаги режим ва унинг қуролли кучлари, ўзгартирилган ва ҳудудий мудофаага киритилган фашистларнинг ҳарбийлаштирилган батальонлари”, деган 61-Стрямская механизациялашган бригадасининг собиқ қўмондони Болгария миллий радиосига берган интервьюсида.

Унинг қайд этишича, Россиянинг мақсади Украинани давлат сифатида босиб олиш ва йўқ қилиш эмас. Бу ҳақда Президент Владимир Путин ҳам бир неча бор тушунтириш берган. Мақсад Украинани демилитаризация, биринчи навбатда, унинг ҳарбийлаштирилган бўлинмаларини деназолизация қилишдир.  

“Бу операция 2004 йилдан тўқ сариқ инқилоб билан бошланди. Украина ўзининг бош куратори, жаҳон жандарми ва Ғарб дунёси етакчисининг океан нариги томонидаги кўрсатмаларига амал қилиб, фашистлар усулларидан фойдаланган ҳолда ўта русофоб сиёсатни, Бандера сиёсатини олиб бора бошлади”, дейди Шивиков. 

Генералнинг таъкидлашича, ҳозирги вазиятда Болгария можаро иштирокчиларига қўшимча қурол-яроғ бермаслиги керак, “чунки аланган бензин билан ўчирилмайди”. 

“Вазифалар бажарилгунга қадар жанговар ҳаракатлар давом этади, аммо Президент-артистнинг ўзи қуролли кучларининг таслим бўлишини эълон қиладиган вақт яқинлашмоқда. Украина Қуролли Кучларининг 60% дан ортиғи жанговар қобилиятини йўқотди, ҳарбий инфратузилма объектларининг 80% дан ортиғи йўқ қилинди”, дейди Шивиков. 

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 308
Рейтинг: 3.1
t
×