Анқара ва Баку ҳар қандай таҳдидга биргаликда жавоб қайтаришга ваъдалашди
Олам
−
15 Июнь 2021
5507Туркия ва Озарбайжон томонлардан бирининг мустақиллиги ёки ҳудудий яхлитлигига учинчи давлат томонидан ҳужум ва таҳдиди бўлган тақдирда бир-бирига ёрдам беришга келишиб олди. Бу ҳақда бугун, 15 июнь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг Шуша шаҳрига ташрифи чоғида имзоланган иттифоқчилик тўғрисидаги декларацияда сўз боради.
Ҳужжатга кўра, Туркия ва Озарбайжон Хавфсизлик кенгашлари мунтазам равишда миллий хавфсизлик масалалари бўйича йиғилишлар ўтказиб боради.
“Озарбайжон Туркиянинг Арманистоннинг 30 йиллик тажовузини тугатиш ва босиб олинган ҳудудларни озод қилишдаги қўллаб-қувватлашини юқори баҳолайди”, дейилган ҳужжатда.
Томонлар Туркия-Озарбайжон муносабатларини янада кенгайтириш ва чуқурлаштиришнинг барча истиқболларини ўрганиб чиқдилар, дейилади декларацияда.
Ҳужжатда Туркия ва Озарбайжон минтақавий ва глобал хавфсизлик ва барқарорлик масалаларини ҳал қилишда биргаликдаги саъй-ҳаракатларни амалга ошираётгани таъкидланган. Декларацияда Туркия билан Озарбайжон ўртасидаги Зангезур йўлаги ва Наҳчивон-Карс темир йўл линиясининг очилиши икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг ривожланишига ҳисса қўшиши қайд этилган.
Шуша декларациясида Арманистоннинг Туркияга бўлган асоссиз даъволари ва тарихни бузиб кўрсатишга уринишлари минтақадаги тинчлик ва барқарорликка зарар этказишига эътибор қаратилган.
“Икки давлат [Туркия ва Озарбайжон] ўртасида ривожланиб, уларнинг манфаатларига жавоб берадиган ҳарбий-сиёсий ҳамкорлик учинчи давлатларга қарши қаратилган эмас”, дея урғуланган ҳужжат матнида.
Декларацияда, шунингдек томонлар терроризм, уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддалар контрабандаси, ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар ва ҳамкорликни кенгайтириши таъкидланган.
Озарбайжон жорий йилнинг 27 сентябрь куни Арманистон билан бошланган қуролли тўқнашувлардан кейин норябрь ойига келиб Тоғли Қорабоғни мустамлакадан озод қилди. Қорабоғ ерлари 29 йиллик арман мустамлакасидан яна Озарбайжонга қайтди. Расмий Баку айни вақтда ушбу ҳудудлар ўтган йиллар давомида вайронага айлантирилиб, тарихий обидалар йўқ қилингани, инфратузилма ишдан чиққани, бу ҳам етмагандек, арман Ҳукумати ҳудудларга миналар ўрнатгани ва Қорабоғ ерлари Озарбайжон қўлига ўтганига қарамай, миналанган ерлар харитасини бермай келаётганини таъкидламоқда. Куни кеча ушбу миналанган ҳудудларда Озарбайжон журналистлари ўтирганган автомобиль портлаб кетди. Оқибатда 3 киши – икки журналист ва бир амалдор қурбон бўлди. Мамлакат вице-президенти Меҳрибон Алиева мурожаат билан чиқиб, халқаро ҳамжамият, халқаро журналистлар ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида ўзини намоён этиб келган ноҳукумат ташкилотлар журналистларнинг миналанган ҳудудларда қурбон бўлганига панжа ортидан қараб, Арманистоннинг ҳаракатларига кўз юмиб келаётганини таъкидлаган эди.
Жорий йилнинг 27 май – 4 июнь кунлари Ўзбекистондаги 2 мингга яқин оммавий ахборот воситалари орасида фақатгина QALAMPIR.UZ мухбири биринчи бўлиб Озарбайжоннинг уруш кечган ҳудудларида, жумладан Ганжа шаҳрининг ракета зарбасидан вайрон тумани ва Қорабоғнинг Ағдам, Фузули туманларида бўлиб қайтди. Журналист Феруза Нажмиддинова Фузули ва Ағдам туманларида миналанган ҳудудлар борлигига ўз кўзи билан гувоҳ бўлганини айтади.
Аввалроқ, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Қорабоғдаги миналаштирилган майдонлар масаласини ҳал қилиш муҳим эканини таъкидлаб, икки томонни ҳам келишувга чақирганди.
LiveБарчаси