Ана холос! АҚШ Россиянинг $643 млрд захирасини музлатмоқчи

Олам

image

АҚШ мамлакатнинг олтин-валюта захираларини бошқарувчи Россия банки (Марказий банк) га қарши санкциялар қўллаш имкониятини кўриб чиқмоқда. Захиралар ҳажми 643 миллиард долларни ташкил этади. Бу ҳақда “Bloomberg” ёзмоқда.

Агентлик манбаларига кўра, Вашингтоннинг мақсади Россия учун 643 миллиард долларлик заҳираларни музлатишдир. Мамлакат бу маблағларни Украинада 24 февралда бошланган ҳарбий операция олдидан “тўплаган”.

Ҳозирча якуний қарор қабул қилинмаган. Бироқ, Жо Байден маъмурияти Путинни Украинадаги операциясини давом эттиришдан қайтариш йўлларини излашда давом этмоқда, дейди манбалар.

Урушнинг дастлабки икки кунида Марказий банк санкциялар остида қолган рубль ва Россия банкларини қўллаб-қувватлаш учун 7 миллиард доллар сарфлаган. Биргина биринчи куннинг ўзида рублнинг қадрсизланишини тўхтатиш учун 2 миллиард доллар сарфланган.

Аввалроқ Ғарб давлатлари Россияни SWIFT халқаро банклараро тизимдан узиш борасида якдил фикрга келгани ҳақида хабар берган эдик.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.

Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.

Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

144

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг