Америкалик қонунчилар Қорақалпоқдаги намойишлар юзасидан Конгрессга ҳисобот киритади
Олам
−
11 Июль 2022
11636Америка қонун чиқарувчилари Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан АҚШ Конгрессининг барча сенаторлар ва конгрессменлар офисларига тарқатиладиган расмий ҳужжат тақдим этади. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекитоннинг Вашингтондаги элчиси Жавлон Ваҳобов Қорақалпоғистондаги вазият, шунингдек, ҳукуматнинг ҳудудда тинчлик, барқарорлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари тўғрисида холис ахборот тақдим қилиш мақсадида АҚШ Конгресси аъзолари билан видеоконференция шаклида қатор музокаралар ўтказган.
АҚШ Конгресси ташқи ишлар қўмитасидаги Осиё, Тинч океани ва Марказий Осиё бўйича қуйи қўмитанинг ҳамраиси, конгрессмен Стив Чабот Қорақалпоғистондаги воқеаларнинг асл сабаблари ва ҳукуматнинг ҳудуддаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича кўрган чора-тадбирлари ҳақидаги батафсил маълумот учун миннатдорлик билдирган. Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистоннинг кенг қамровли ошкора ва ишончли суриштирув ўтказиш бўйича саъй-ҳаракатларини олқишлашини таъкидлаган.
Конгрессмен Стив Чабот АҚШ Конгрессидаги “Ўзбекистон бўйича кокус” аъзоси ва Марказий Осиё бўйича кичик қўмитанинг ҳамраиси сифатида Қорақалпоғистондаги мавжуд вазиятни диққат билан кузатаётганини ва расмийларнинг уни барқарорлаштириш бўйича қилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирган.
“Яқинда мамлакат бошига тушган ушбу синов порлоқ келажак учун янги бошланғич нуқтага айланишига ишончим комил”, деди Конгрессдаги “Ўзбекистон бўйича кокус” аъзоси, 2021 йил октябрь ойида Америка қонун чиқарувчилари делегацияси таркибида Ўзбекистонда бўлган, Небраска штатидан сайланган республикачи конгрессмен Дон Бэкон.
Ўзбекистон элчихонаси маълум қилишича, америкалик конгрессменлар мулоқот якунида АҚШ Конгрессига Конгресснинг барча сенаторлар ва конгрессменлар офисларига тарқатиладиган расмий ҳужжати – “Congressional Record”ни тақдим этишга тайёрлигини билдирган. Уларнинг фикрича, ушбу расмий маълумот ҳудуддаги воқеалар ҳақида холис ахборот етказиш нуқтаи назаридан Конгресснинг барча аъзолари учун фойдали бўлади.
Бундан ташқари, конгрессменлар Қорақалпоғистон тўғрисидаги маълумотларнинг ушбу ҳужжатга киритилиши Конгресс аъзолари ўртасида ушбу масала бўйича ҳамфикрликни ифодалашини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1-2 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.
Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди.
Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.
4 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид моддалар ўзгартирилмаслиги ҳақида қарор қабул қилди.
Содир бўлган воқеаларда 516 киши қўлга олинди, 243 киши жароҳатланди, 18 киши қурбон бўлди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми – “Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш” билан жиноят иши қўзғатилди.
LiveБарчаси