Халилзод Мирзиёев қабулида бўлди. АҚШ Ўзбекистон таклифини қўллайди

Жамият

image

Бугун, 11 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда амалий ташриф билан бўлиб турган Америка Қўшма Штатларининг Афғонистондаги ярашиш масалалари бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзодни қабул қилди. 

Давлат раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, очиқ мулоқот ва ўзаро ишончга асосланган кўп қиррали Ўзбекистон-АҚШ ҳамкорлиги жадал ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.

Турли даражадаги фаол мулоқот, конструктив сиёсий ҳамкорлик, изчил парламентлараро алоқалар, янги қўшма савдо ва инвестиция лойиҳалари, кенгайиб бораётган гуманитар алмашинув – буларнинг барчаси Ўзбекистон ва АҚШ стратегик шериклигида янги давр бошланганидан далолат беради.

Учрашувда икки давлат ўртасидаги муносабатларни кенгайтиришга доир, шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилди. Афғонистондаги вазиятни ҳал этишда икки мамлакат ҳамкорлигининг ҳолати ва истиқболларига баҳо берилди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Афғонистон билан анъанавий яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантиришга муҳим аҳамият қаратаётгани, ушбу мамлакатда барқарорлик ўрнатилиши ва иқтисодиёт қайта тикланишига амалий ҳисса қўшиш тарафдори эканини қайд этди. 

Афғонистонда тинч сиёсий жараённи бошлашда афғон халқининг бош ролини назарда тутган ҳолда халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини самарали мувофиқлаштириш зарурлиги қайд этилди.

Залмай Ҳалилзод самимий қабул учун Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди ҳамда АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Давлат котиби Майкл Помпеонинг саломини етказди.

Махсус вакил Ўзбекистоннинг Афғонистон халқига ҳар томонлама, жумладан, муҳим ижтимоий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш орқали ёрдам беришга қаратилган сиёсатини юксак баҳолади.

АҚШ Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик музокараларига кўмаклашиш борасидаги конструктив саъй-ҳаракатларини, хусусан, Афғонистон ҳукумати вакиллари иштирокидаги мулоқотнинг навбатдаги даврасини Самарқанд шаҳрида ўтказиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаётгани таъкидланди.

Бундан ташқари, жорий йилда Тошкент шаҳрида  Афғонистон бўйича саккизинчи Минтақавий иқтисодий ҳамкорлик конференцияси (RECCA VIII) вазирлар учрашувининг ўтказилиши қўшни давлатларга Афғонистоннинг тинч ривожланишига кўмаклашиш борасидаги ўзаро ҳамкорлик бўйича стратегияни ишлаб чиқиш имконини беради.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш мақсадида Афғонистондаги вазиятни ҳал этиш масалаларида ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканини қайд этдилар.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Шавкат Мирзиёев Залмай Ҳалилзод АҚШ-Ўзбекистон

Баҳолаганлар

28

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг