Алиев Қорабоғдаги шаҳар забт этилганини айтди. Арманистон буни инкор қилди
Олам
−
04 Октябрь 2020
13468Озарбайжон армияси Тоғли Қорабоғдаги Жаброил шаҳри ва бир нечта қишлоқни назоратига олди, деб хабар берди Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
“Бугун Озарбайжон армияси Жаброил шаҳри ва тумандаги қатор қишлоқларни озод қилди. Тоғли Қорабоғ ”, деган Алиев Twitter саҳифасида.
Аммо Арманистон Мудофаа вазирлиги Жаброил шаҳри устидан назорат бой берилганини рад қилди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
"Бу баёнот дезинформация бўлиб, ҳақиқатга мос келмайди", деган Арманистон Мудофаа вазирлиги вакили Арцрун Ованнисян.
Аввалроқ, Тоғли Қорабоғдаги ўнга яқин қишлоқ Озарбайжон назоратига ўтгани хабар қилинганди.
Маълумот учун, расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари жорий йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди. Унда мингга яқин ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.
Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.
Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.
Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди. Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.