Илҳом Алиев Қорабоғда ўнга яқин қишлоқ назоратга олинганини маълум қилди
Олам
−
04 Октябрь 2020
8643Кеча, 3 октябрь куни Озарбайжон Тоғли Қорабоғнинг Тертер туманидаги Талиш қишлоғи, Жаброил туманидаги Меҳдили, Чаҳирли, Ашағи Маральян, Шейбей, Гуйжак қишлоқлари ва Абдураҳмон Фузули туманидаги Ашағи қишлоғини назоратга олди. Бу ҳақда Озарбайжон Президенти ўзининг Twitter`даги саҳифасида маълум қилди.
“Қорабоғ бу – Озарбайжон” деган Илҳом Алиев.
3 окятрбь куни Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги қарама-қаршилик чизиғи бўйлаб ашаддий жанглар давом этган. Арманистон Озарбайжон қишлоқларга турли йўналишларда артиллерия ва ракетадан зарба берган. Озарбайжон қўшинлари ҳам бунга қаршилик кўрсатган.
Жанглар вақтида Мадагиз-Агдерин йўналишида Арманистоннинг 77-танк батальонининг 4 танки йўқ қилинган ва 3 таси ўлжа сифатида эгаллаб олинган.
Ўз навбатида Арманистон Озарбайжон томони 10 та дрон, 3 та самолёт, 3 та “Смерч” ракета тизими ва битта вертолётидан маҳрум бўлганини маълум қилди. Шунингдек, сутка давомида Озарбайжон 440-450 нафар аскаридан айрилган.
Маълумот учун, расмий Бакуга кўра, Арманистон Қуролли Кучлари жорий йилнинг 27 сентябрь куни соат 06:00 дан бошлаб Озарбайжонга қарши кенг кўламли провокацияларни амалга оширди, бутун фронт бўйлаб Озарбайжон армиясининг позицияларини, шунингдек, олдинги чизиқ зонасида жойлашган аҳоли пунктларини ўққа тутди. Унда мингга яқин ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.
Арманистон ҳужум Озарбайжон қуролли кучлари томонидан бошланганини айтмоқда. Озарбайжон эса қуролли тўқнашувга нисбатан жавоб ҳужумлари бошлаганини расман эълон қилиб, Арманистон чегарасидаги тинч аҳоли вакилларини чегара ҳудудларидан четга чиқишларини сўради.
Ҳолат бўйича Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев халққа мурожаат билан чиқиб, тўқнашув Озарбайжоннинг провокацияси эмаслигини айтди.
Никол Пашинян эса мамлакатда ҳарбий ҳолат ва умумий сафарбарлик эълон қилди. Бунинг ортидан Илҳом Алиев мамлакатда ҳарбий ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиш ҳақидаги фармонга имзо чекди. Шунингдек, Алиев 28 сентябрь куни қисман сафарбарлик эълон қилиш ҳақидаги ҳужжатни имзолади.