АҚШ Украинага яна қандай қуроллар жўнатаётгани очиқланди
Олам
−
02 Июль 2022
8036АҚШ Украинага 820 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этмоқда. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Тодд Бриссил журналистларга маълум қилган.
Ҳарбий департамент вакилининг сўзларига кўра, ушбу пакетга Американинг HIMARS бараварига реактив отиш тизими учун қўшимча ўқ-дорилар, Норвегиянинг иккита NASAMS зенит-ракета тизими, 150 000 тагача 150 милиметрли артиллерия снарядлари ва тўртта қарши батарея радарлари киради.
Махсус операция бошланганидан бери АҚШ Украинага 6,9 миллиард доллар, 2014 йилдан бери эса 8,8 миллиард долларлик ёрдам юборган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 июнь куни Америка Қўшма Штатлари Президенти Жо Байден яқин кунларда Украинага жами 800 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакети ажратилишини эълон қилганди.
Айтиш жоизки, G7 давлатлари (Германия, АҚШ, Буюк Британия, Франция, Италия, Канада ва Япония) Россия билан урушда Украинани қанча керак бўлса, шунча қўллашга ваъда берган эди.
Шунингдек, G7 Украинага эркин ва демократик келажагини таъминлаш ва ўзини ҳимоя қилиш масаласида ёрдам бериш учун манфаатдор давлатлар билан узоқ муддатли хавфсизлик кафолатлари бўйича музокаралар олиб боришга тайёр эканини таъкидлади.
Бу давлатлар аллақачон Киевга 2,8 миллиард доллар миқдорида гуманитар ёрдам кўрсатган ва Украинага яна 29,5 миллиард доллар беришга тайёр эканини билдирган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси