Биз Россиянинг ғалаба қозонишига йўл қўймаймиз – Байден Украинани қувонтирадиган янгиликни айтди

Олам

image

Америка Қўшма Штатлари яқин кунларда Украинага жами 800 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакети ажратилишини эълон қилади. Бу ҳақда бугун, 30 июнь куни мамлакат Президенти Жо Байден маълум қилди.

“Мен лавозимга киришганимдан бери биз Украинага хавфсизлик тизимлари учун қарийб 7 миллиард доллар ажратдик. Яқин кунларда биз яна 800 миллион доллардан ортиқроқ ҳарбий ёрдам пакетини, шу жумладан Ғарб ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими учун янги замонавий тизимни эълон қилмоқчимиз”, дея таъкидлаган Президент.

Унинг таъкидлашича, янги пакетга илғор ҳаво мудофаа тизимлари, қўшимча артиллерия ва ўқ-дорилар, артиллерияни бошқариш радар тизими, шунингдек, Украинага топширилган бир нечта ракета тизимлари учун ўқ-дорилар киради.

Аввалроқ, G7 давлатлари (Германия, АҚШ, Буюк Британия, Франция, Италия, Канада ва Япония) Россия билан урушда Украинани қанча керак бўлса, шунча қўллашга ваъда берган эди. 

Шунингдек, G7 Украинага эркин ва демократик келажагини таъминлаш ва ўзини ҳимоя қилиш масаласида ёрдам бериш учун манфаатдор давлатлар билан узоқ муддатли хавфсизлик кафолатлари бўйича музокаралар олиб боришга тайёр эканини таъкидлади.

Бу давлатлар аллақачон Киевга 2,8 миллиард доллар миқдорида гуманитар ёрдам кўрсатган ва Украинага яна 29,5 миллиард доллар беришга тайёр эканини билдирган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

29

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг