АҚШ Украинани Россия ҳудудига зарба бериш оқибатидан огоҳлантирди – ОАВ

Олам 22584
image

Америка Қўшма Штатлари Украинани Россия ҳудудига зарба бериш ҳарбий можаронинг авж олишига сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда “Reuters” хабар бермоқда. 

Агентликнинг таъкидлашича, Вашингтон ва Киев ўртасидаги ушбу мавзудаги мулоқот “жуда нозик хусусиятга эга” ва “эскалация хавфи борасида ҳамфикрликка” эришишга қаратилган.

Нашр АҚШнинг исми ошкор этилмаган учта расмийси ҳамда дипломатик манбаларга таянган. Агентлик маълумотларига кўра, Қўшма Штатлар Украина томонидан олинган қуроллардан фойдаланишга “аниқ географик чекловлар қўймайди”. Шу билан бирга Вашингтон Киевни “Россиянинг ичкарисидаги” ҳудудга ҳужум қилишдан огоҳлантирган.

“Биз (ҳарбий можаронинг кучайишидан – таҳр.) хавотирдамиз, лекин барибир географик чекловлар ўрнатишни ёки уларнинг қўлларини ортиқча боғлашни истамаяпмиз”, дейди америкалик амалдорлардан бири.

Бошқа бир манба Украинанинг ўз тупроғида “кўплаб нишонлари борлигини” ва шунинг учун Киев узоқ масофали қуролларга эга бўлишни хоҳлаётганини айтган. 

Украина Мудофаа вазирлиги ва Пентагон бу маълумотга ҳозирча изоҳ бермади.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 37
Рейтинг: 2.9
t
×