АҚШ Украинага ёрдамни тажовузнинг миқёсига кўра ўзгартирмоқчи
Олам
−
01 Июнь 2022
10438Қўшма Штатлар расмийлари Киевни ўзини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган барча нарсалар билан таъминлаш ниятида, Америка ҳарбий ёрдами конфигурацияси жанг майдонидаги вазиятга қараб ўрнатилади. Бу ҳақда бугун, 1 июнь куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг билан Давлат департаментида бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида маълум қилди.
“Биз Украинанинг ўзини ҳимоя қилиш воситаларига эга бўлишини ва ҳар қадамда [Россия билан] энг кучли позицияда бўлишини таъминлаш учун ҳаракат қиламиз. Биз Украина ўзини самарали ҳимоя қилиши учун нима қилиши кераклигини таҳлил қилдик. Ва, албатта, бу жорий тажовуз жараёнида тузатилди – улар Киевга таҳдидлар билан курашиш учун зарур бўлган нарса Украина жануби ва шарқида содир бўлаётган воқеалар билан курашиш учун керак бўлган нарсадан жуда фарқ қилади. Шу сабабли, воқеалар ривожи билан биз ўзимиз ва бошқа иттифоқчилар ва ҳамкорлар Украинага тақдим этаётган нарсаларни ўзгартирдик”, дейди Америка дипломатияси раҳбари.
Давлат котибининг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар Украинанинг бу тажовуздан ҳимояланиш, уни қайтариш учун зарур бўлган ҳамма нарсага эга бўлишини таъминлаш ниятида. Шунингдек, украинлар келажакда юзага келадиган ҳар қандай музокаралар столида мумкин бўлган энг яхши мавқега эга бўлади.
Давлат департаменти раҳбари Россия-Украина музокараларининг қайта тикланишига ишора қилиб, “Биз қачон, аниқ қандайлигини айта олмаймиз”, дея қўшимча қилган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь