АҚШ Украинага уруш майдонидаги вазиятни ўзгартирадиган янги қуроллар бермоқчи
Олам
−
20 Август 2022
7349АҚШ Мудофаа вазирлиги Украинага қўшимча 775 миллион долларлик қурол етказиб беришини эълон қилди. Бу ҳақда кеча, 19 август куни Пентагон матбуот хизмати маълум қилди.
Маълумотларга кўра, янги ёрдам пакетига HIMARS ялпи реактив ҳужум тизимлари учун ўқ-дорилар, 105 мм.ли 16 та гаубица ва улар учун 36 минг снаряд, 15 та ScanEagle разведкачи дронлари, МаххPrо тоифали MRAP минадан ҳимоя қилувчи 40 та зирҳли транспорт воситалари, миналар тозалаш воситалари, 50 та Humvee зирҳли кўп мақсадли йўлтанламас автомобиллари, ТОW танкга қарши тизимлари учун 1,5 мингта оптик бошқариладиган ракеталар, мингта Javelin танкга қарши ракета тизимлари киради.
Шунингдек, танкка қарши тизимлар учун 2 мингта снаряд, тактик хавфсиз алоқа тизимлари, қўпорувчилик қуроллари, тунги кўриш мосламалари, термал тасвирлаш тизимлари, оптик ва лазерли масофа ўлчагичлар ҳам бор.
Пентагон Украинага ҳозиргача берилмаган янгича қуролларни етказиш устида ҳам бош қотира бошлаган.
“Биз Украинага жанг майдонидаги вазиятни нафақат шарқда, балки жанубда ҳам муваффақиятли ўзгартиришга имкон берадиган янги қуролларни бериш имкониятларини ўрганяпмиз”, дейилади Пентагон баёнотида.
Аммо қандай қурол ҳақида гап кетаётгани аниқланмаган.
Шу тариқа, сўнгги ёрдам пакети инобатга олинса, 2021 йилнинг августидан бери АҚШ Ҳукумати Украинага умумий қиймати 10,6 миллиард доллардан ортиқ бўлган 19 та ҳарбий ёрдам пакетини ажратган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь