АҚШ Украинага нишонни аниқ урадиган Excalibur снарядларини берди – “Bloomberg”

Олам 5645
image

Америка Қўшма Штатлари ортиқча шов-шувларсиз Украинага берилаётган ҳарбий ёрдамга энг аниқ артиллерия снарядларини қўшди. “Bloomberg”нинг хабар беришича аввалроқ Excalibur снарядларининг Украинага берилиши тасдиқланмаган бўлган.

Бюджет ҳужжатларига кўра, Пентагон Украинага GPS кўрсаткичга эга бўлган энг аниқ Excalibur артиллерия снарядларини юборган.

АҚШ ўз захираларини тўлдириш учун 92 миллион доллар сарфламоқда. Excalibur захирасини тўлдириш режаси Пентагон Украина кучларини шундай ўқ-дорилар билан таъминлаётганини кўрсатади. Шу билан бирга, расмийлар ушбу снарядларни Украинага бериш ва уларни жанг майдонида ишлатиш режалари ҳақидаги хабарларга қарамай, Excalibur ҳақидаги саволларга жавоб беришдан қочган.

Сунъий йўлдош орқали бошқариладиган Excalibur снарядлари биринчи марта 2007 йилда Ироқда “Ал-Қоида”нинг таниқли етакчиси ва унинг тарафдорларига суиқасд пайтида ишлатилган. Excalibur снарядлари 155 мм калибрли гаубицаларда қўлланилади. Улар 40,5 км масофадаги нишонларга юқори аниқлик билан зарба бера оладилар.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 12
Рейтинг: 3.2
t
×