АҚШ Украинага қирувчи самолёт ва дронлар бериш ниятида – “Politico”

Олам

image

АҚШ ва Украина Киевга Американинг тўртинчи авлод F-16 қирувчи самолётлари, "Patriot" зенит-ракета тизимлари (ЗРТ) ва MQ-1C Grey Eagle разведка ва зарба берувчи дронларини етказиб бериш бўйича қуйи даражада маслаҳатлашувлар ўтказмоқда. Бу ҳақда кеча, 16 сентябрь куни “Politico” газетаси ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Украина расмийлари Вашингтондан оммавий равишда ушбу қуролларни етказиб беришни сўрашни тўхтатди, аммо “парда ортида уларни олишга уринишлар тўхтамаяпти”, деб ёзади газета. Унинг манбаларига кўра, икки томон узоқ муддатли молиявий келишувлар устида иш олиб борилаётган бир вақтда Киевга қирувчи самолётлар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва учувчисиз учоқларни жўнатиш масаласини муҳокама қилмоқда. Patriot’лар, F-16 ва Gray Eagles дронларини Киевга юбориш бўйича икки томонлама алоқалар қуйи даражада давом этмоқда.

Мақолада таъкидланишича, сўнгги ҳафталарда Киев “[ушбу турдаги қуролларни тақдим этиш бўйича] баланд овозли чақирувлардан тинчроқ маслаҳатлашувларга ўтган”. Бунга, жумладан, Вашингтон Киевни айни дамда зарур нарсага эътибор қаратишга ундагани сабаб бўлган. Шу тариқа, “қимматбаҳо қурол-яроғ етказиб бериш бўйича сўровлар Киевни жанг майдонидаги долзарброқ эҳтиёжлардан чалғитади”, деган хавотир бор эди.

Америка томонининг ушбу қуролларни етказиб беришдан қўрқиши фақатгина улар “Москва учун провокацион бўлиши” билан боғлиқ эмас, балки ушбу тизимларга комплекс техник хизмат кўрсатиш ва қўллаб-қувватлаш “Украинани қийин аҳволга солиб қўйиши билан ҳам боғлиқ”, деб тушунтиради “Politico”.

“Patriot” билан боғлиқ ҳолатда уларнинг “нисбатан танқислиги Украинага етказиб беришни қийинлаштиради”, Бундан ташқари, дея давом этади газета, устуворликларни белгилаш муаммоси ҳам бор: АҚШнинг НАТОдаги ва альянсдан ташқаридаги иттифоқчилари ҳам бу қуролларни олишни хоҳлайди.

Конгрессдаги манбанинг нашрга айтишича, F-16 самолётлари эса “уруш тугаганидан кейин [Киевга] етказилиши мумкин”. АҚШ расмийлари ҳам узоқ муддатли стратегиянинг бир қисми сифатида Украинага “Patriot” юбориш масаласини муҳокама қилишда давом этмоқда. Тизимни юбориш ҳақидаги мунозаралар Пентагонда дастлабки босқичда, дея тушунтирди “Politico” ва якуний қарор президент Жо Байденга  бўлади. 

“Аммо расмийларнинг бундай ҳаракат ҳақида гапираётгани, АҚШ расмийлари бу ғояни баҳорда рад этганидан кейин жиддий ўсиш ҳисобланади”, дейилади мақолада.

Газетанинг тахминига кўра, Пентагон АҚШда фойдаланилаётган “Patriot” батареяларини топшириш ўрнига, Raytheon Technologies мудофаа компанияси билан Киев учун қўшимча ҳаво мудофаа тизимларини яратиш бўйича шартнома тузади. Унинг манбаларига кўра, ушбу ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини етказиб бериш “камроқ эскалатив бўлади”.

“Politico” нашрининг Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва бошқа янги турдаги қуроллар юборилиши ҳақидаги саволига АҚШ Мудофаа вазирлиги матбуот котиби подполковник Гаррон Гэрн идоранинг бу борада “ҳозирча янги баёноти” йўқлигини айтган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

40

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг