АҚШ Украинага илғор ракета тизимлари беради. Мақсад Россияни нишонга олишми?

Олам

image

Қўшма Штатлар Украинани янада илғор ракета тизимлари ва ўқ-дорилар билан таъминлайди. Бу ҳақда АҚШ Президенти Жо Байден кеча, 31 май куни “The New York Times” газетасида чоп этилган мақоласида айтиб ўтган.

“Биз Украинага жанг майдонида жанг қилиши ва музокаралар столида энг кучли позицияни эгаллаши учун катта миқдордаги қурол-яроғ ва ўқ-дориларни жўнатиш учун тез ҳаракатландик. Шунинг учун мен украиналикларни Украинадаги жанг майдонларида асосий нишонларга аниқроқ зарба бериш имконини берадиган илғор ракета тизимлари ва ўқ-дорилар билан таъминлашга қарор қилдим”, деган Байден.

Президентнинг ёзишича, Қўшма Штатлар Украинага илғор қурол-аслаҳа тизимлари, жумладан Stinger мобил зенит-ракета тизимлари ва танкга қарши Javelin тизимлари, артиллерия ва Ми-17 вертолётларини етказиб беришда давом этади.

“Биз Украинага илғор қуроллар, жумладан Javelin танкга қарши ракеталари, Stinger зенит ракеталари, кучли артиллерия ва юқори аниқликдаги ракета тизимлари, радарлар, дронлар, Ми-17 вертолётлари ва ўқ-дориларни етказиб беришда давом этамиз”, деган Байден.

Қўшма Штатлар Украинани ўз чегараларидан ташқарига зарба бермасликка чақиради ва Киевга бундай имкониятларни тақдим этмайди, дейди АҚШ Президенти. Унинг сўзларига кўра, Америка “Россияга зарар етказиш учун” можарони чўзмоқчи эмас.

Шу билан бирга, АҚШ маъмурияти раҳбарининг таъкидлашича, АҚШ ва бошқа иттифоқчилар кучлари ва салоҳияти орқали НАТОнинг шарқий қанотини мустаҳкамлашда давом этади. 

“Яқинда мен Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш ташаббусини олқишладим, бу ҳаракат АҚШ ва трансатлантика хавфсизлигини икки демократик ва ҳарбий салоҳиятли ҳамкорни қўшиш орқали мустаҳкамлайди”, дейди Байден.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

18

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг