АҚШ Украинага $750 млнлик қурол етказиб бериши кутилмоқда
Олам
−
13 Апрель 2022
4750Пентагон Украинага зирҳли Humvee йўлтанламаслари ва замонавий жиҳозлар, жумладан, гаубицалар топшириши мумкин. Бу ҳақда “The Washington Post” исмини ошкор этмаган АҚШ расмийларига таяниб хабар берган.
“АҚШ расмийлари Байден маъмурияти Украинага етказиб бераётган қурол-яроғ турларини кескин кенгайтиришга тайёрлигини, Пентагон еса зирҳли Humvee’лар ва бошқа замонавий жиҳозларни ўтказиш ниятида эканлигини айтди. Янги ёрдам пакети 750 миллион долларга тушиши мумкин”, деган улар.
Таъкидланишича, Вашингтонда муҳокама қилинган дастлабки режалар Ми-17 вертолётлари, гаубицалар, қирғоқ мудофааси учун дронлар ва кимёвий, биологик ёки ядровий ҳужум пайтида ҳимоя костюмларини ўз ичига олади.
Бу нарсаларнинг барчаси янги пакетга кириш ёки кирмаслиги эса номаълум.
Аввалроқ, АҚШ тайёрлаётган янги пакет кўпроқ дронлар ва Javelin танкга қарши қуролидан иборат бўлиши мумкинлиги айтилганди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси