АҚШ Донбассдаги жанглар учун Украинага янгича қуроллар етказиб бермоқчи
Олам
−
12 Апрель 2022 10219 3 дақиқа
Украина мамлакатнинг шарқи ва жанубида Россия ҳарбий кампаниясининг кучайишига қаршилик кўрсатиш учун АҚШ билан янги хавфсизлик ёрдами бўйича интенсив музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда CNN АҚШ Мудофаа вазирлиги вакилларига таяниб хабар берган.
Тайёрланаётган пакет кўпроқ АҚШ аввалроқ Украинага тақдим этган дронлар ва Javelin танкга қарши қуролидан иборат бўлиши мумкин. Бу қисман Украинада шу турдаги қуроллар фойдаланилаётгани ва уларни қўллашни ўзлаштириш кўп вақт талаб қимаслиги билан боғлиқ, деган расмийлардан бири.
Нашрга кўра, АҚШ, шунингдек, Европадаги ҳамкорлари ва иттифоқчилари билан Украинага ўз захираларидан қандай қўшимча узоқ масофага мўлжалланган ҳаво мудофаа тизимлари, танклар, зирҳли техника ва артиллерияларни тақдим этиши мумкинлигини билиш учун музокаралар олиб бормоқда.
Бу мунозаралар, айниқса, Украина жануби ва шарқий қисмидаги рельеф маълум даражада Киев шимолидаги ўрмонли ҳудудлардан фарқ қилгани учун долзарб экани айтилмоқда.
АҚШ расмийларига кўра, украиналиклар янги шарқий ва жанубий фронтда зирҳли техника ва артиллерия каби оғирроқ қуролларга муҳтож.
Қайд этиш керакки, Россия кучлари ҳозирда Украинанинг марказидаги фаолликни тўхтатиб, асосий эътиборни Донбассга қаратмоқда. Турли давлатларнинг разведка хизматлари эндиликда асосий жанглар Донбасс учун бўлишини айтмоқда ва бу ўз навбатида урушнинг тақдирини ҳал қилади.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.