АҚШ Россияни терроризм ҳомийлари қаторига қўшмоқчи – Блинкен

Олам

image

АҚШ маъмурияти Украинадаги воқеалардан келиб чиқиб, Россияни терроризмга ҳомийлик қилувчи давлатлар рўйхатига қўшиш имкониятини кўриб чиқмоқда. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен кеча, 27 апрель куни шундай баёнот берди.

“Биз буни кўриб чиқяпмиз. Адвокатлар буни ўрганмоқда”, деган у АҚШ Сенатининг маблағлар бўйича қўмитасидаги тингловда Россия Федерациясини ушбу рўйхатга киритиш имконияти ҳақидаги саволга жавоб берар экан.

Блинкен Россия Украинада уруш бошлаб, мамлакат аҳолисини ваҳимага солаётганини айтди.

“Мен, сенатор, руслар Украина халқини ваҳимага солаётганига шубҳа қилмайман”, деган Америка дипломатияси раҳбари.

Шу билан бирга, у тегишли миллий қонунчилик мезонлари АҚШ маъмуриятига Россияга қарши бу қадамни қўйишга имкон берадими ёки йўқлигини ҳозирча айта олмаслигига аниқлик киритган.

“Такрор айтаман, ушбу рўйхатга киритиш ҳақиқатан ҳам қонун талабларига жавоб бериши учун адвокатлар буни ўрганишмоқда” деган Блинкен.

Бундан ташқари, Давлат котибининг таъкидлашича, Қўшма Штатлар Россия томонини Украинадаги ҳарбий жиноятлар учун жавобгарликка тортиш йўлида ҳамма нарсани қилиш ниятида.

“Биз содир этилган жиноятлар учун жавобгарликка тортилишига қанча вақт керак бўлмасин, қўлимиздан келган барча ишни қилиш ниятидамиз”, деган дипломат.

Ҳозирда фақат Эрон, Шимолий Корея, Куба ва Сурия АҚШда терроризмга ҳомийлик қилувчи давлатлар тоифасига киритилган.

Рўйхат АҚШ Давлат департаменти томонидан тузилади. Америка маъмурияти рўйхатдагиларга нисбатан санкциялар қўллаш нуқтаи назаридан кенг ваколатларга эга. АҚШ Ғазначилик департаменти ушбу юридик ва жисмоний шахсларга, шунингдек, рўйхатдаги мамлакатлар билан савдо қилувчи давлатларга қарши чоралар кўриши мумкин.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

8

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг