АҚШ Россия Туркиядан фойдаланишидан хавотирда

Олам 8966
image

Россиянинг юридик ва жисмоний шахслари 24 февралдан кейин Америка Қўшма Штатлари ҳамда Европа Иттифоқи ва унинг ҳамкорлари томонидан жорий этилган санкцияларни четлаб ўтиш учун Туркиядан фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда АҚШ Молия вазири ўринбосари Уолли Адейемо Туркия расмийси Юнус Элиташ билан телефон орқали мулоқотда маълум қилди.

Қайд этилишича, Уолли Адейемо Юнус Элиташ билан бўлган суҳбатда Россия Федерациясига қарши янги санкциялар жорий этиш учун бутун цивилизациялашган дунёнинг саъй-ҳаракатлари муҳимлигини таъкидлаган.

Адейемонинг қўшимча қилишича, Россия Федерациясининг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан буён 30 дан ортиқ давлат Москвага қарши санкциялар киритган.

Украина разведкаси маълумотларига кўра, Россия расмийлари аввалроқ санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам сўраб Туркияга мурожаат қилган. 

“Financial Times” нашрининг ёзишича, Ғарб давлатлари Туркия Россияга санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам берса, унга нисбатан мумкин бўлган чекловларни кўриб чиққан. “Politico” манбаларининг айтишича, шундай бўлган тақдирда Вашингтон Америка компанияларини Туркиядан чиқиб кетишга ундаши мумкин.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 28
Рейтинг: 3.3
t
×