АҚШ расмийси Россияга қарши санкцияларни бекор қилиш шартини айтди
Олам
−
04 Март 2022
30631Агар Россия Украинага босқинни тўхтатса, Ғарбнинг Россияга қарши янги санкциялари бекор қилинади. Бу ҳақда АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Виктория Нуланд маълум қилди.
“Агар Россия урушни тугатса ва Украинани қайта тиклашга ёрдам берса, санкциялар тугайди”, деган у.
Сиёсатчининг фикрича, Москва тинчликни тиклаши, давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва унинг “мавжуд бўлиш ҳуқуқи”ни тан олиши керак.
Шу муносабат билан Нуланд Россия томони “Украинанинг мавжуд бўлиш ҳуқуқини” инкор этаётганини қайд этди.
Нуланд Россия Президенти Владимир Путин АҚШ Президенти Жо Байден билан учрашиши учун ҳам рус қўшинлари Украинадан чиқиши кераклигини айтди.
“Агар у (Владимир Путин. — таҳр.) Украина ҳудудидан ўз қўшинларини олиб чиқишга тайёр бўлса, биз билан жиддий гаплашишга тайёр бўлса, бу уруш тўхтатилиши керак, агар шундай бўлса, биз у билан гаплашишга тайёрмиз”, деган Нуланд “Эхо Москва”га.
Бу музокаралар учун дастлабки шартми, деган саволга Давлат котиби ўринбосари фақатгина Путин Байден билан боғланишга уринмаганини таъкидлади.
“Президент Путин биз билан гаплашмоқчи ёки бу қонли урушни тўхтатмоқчи эканлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Биз, шубҳасиз, чегарада ўтаётган украиналиклар ва руслар ўртасидаги суҳбатни қўллаб-қувватлаймиз. Биз биринчи навбатда гуманитар вазиятни яхшилашга интиламиз... инсонпарварлик ёрдами зарур. Бу биринчи қадам, гуманитар йўлак бўлиши мумкин”, дея қўшимча қилган Нуланд хоним.
Давлат котиби ўринбосарининг айтишича, Қўшма Штатлар Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиёти фонида кескинлик кучайишига ҳисса қўшмаслик учун ядровий машғулотларни кейинга қолдирган. Унинг сўзларига кўра, Вашингтоннинг мақсади “вазиятни тинчлантириш”.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси