АҚШ Лавровнинг баёнотидан хавотирга тушди

Олам

image
0:00
0:00
download

Москванинг Украинага қурол етказиб бериш билан географик мақсадларни кенгайтириш ҳақидаги баёнотлари АҚШнинг “Россия Украина ҳудудларини аннексия қилишга тайёрланаётгани” ҳақидаги огоҳлантиришини тасдиқлайди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс кеча, 20 июль куни бўлиб ўтган кундалик брифингда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан суҳбатни изоҳлар экан, айтиб ўтди. 

“Оқ уйдаги ҳамкасбим (Жон Кирби) кеча Россия Украина ҳудудини аннексия қилишни режалаштираётгани ҳақида огоҳлантирди. Унинг сўзларига кўра, бу Херсон ва Запорожьени ўз ичига олади. Бугун Лавров буни расман тасдиқлади”, дейди Нед Прайс. 

Унинг сўзларига кўра, "Россия ўзининг аннексия режасини аниқ илгари сурмоқда", бу яна Украинадаги урушнинг қонунсизлигидан далолат беради. 

Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби аввалроқ Россия Украинанинг қўшимча ҳудудларини аннексия қилиш ниятида эканлиги ҳақида етарлича далиллар, разведка маълумотлари ва оммавий далиллар мавжудлигини айтган эди. 

Ўз навбатида, Россия Ташқи ишлар вазири Лавров Россиянинг “РИА Новости” агентлигига берган интервьюсида жорий йилнинг март ойида Истанбулда Россия Федерацияси ва Украина делегациялари ўртасида музокаралар бўлиб ўтганини эслатди. 

“Агар Ғарб Киевни узоқ масофага учувчи ракеталар билан таъминласа, Украинадаги махсус операциянинг географик мақсадлари янада узоқроққа сурилади. Энди фақат ДХР ва ЛХР эмас, балки Херьсон ва Запорожье вилоятлари ҳамда бошқа бир қатор ҳудудлар ҳам қамраб олинади”, деган эди Сергей Лавров.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

244

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг