АҚШ қурол бўйича мажбуриятларини бузди – Россия элчихонаси

Олам 13113
image
-

АҚШ расмийлари Киевга илгари Афғонистон учун мўлжалланган Россияда ишлаб чиқарилган Ми-17 вертолётларини етказиб бериш орқали ўз мажбуриятларини қўпол равишда бузди. Бу ҳақда кеча, 7 июнь куни Россиянинг АҚШдаги элчихонаси тарқатган баёнотда айтилади.

“АҚШнинг Украинага ҳарбий ёрдамининг навбатдаги пакети аввалроқ Вашингтон томонидан Афғонистон ҳукумати учун сотиб олинган, Россияда ишлаб чиқарилган тўртта Ми-17 вертолётини ўз ичига олганига эътибор қаратдик. Бундай этказиб бериш Россиянинг ёзма розилигини талаб қиладиган охирги фойдаланувчи сертификатидаги қоидани четлаб ўтиш орқали амалга оширилмоқда. Бу Америка томонининг ўз мажбуриятларини қўпол равишда бузишидир. Тушунтириш сўраб қайта-қайта мурожаат қилганимизга қарамай, Қўшма Штатлардан аниқ жавоб бўлмади”, дейилади дипломатик ваколатхона баёнотида.

Таъкидланишича, халқаро стандартларга эътиборсизлик Киевга Stinger портатив зенит-ракета мажмуасини (ПЗРМ) етказиб беришда ҳам намоён бўлмоқда.

“Улар орасида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2007 йилдаги 62/40 резолюцияси ва 2003 йилдаги “ПЗРМ учун экспорт назорати элементлари” Вассенаар келишуви тўғридан-тўғри ушбу турдаги қуролларнинг нодавлат иштирокчилар қўлларига тушиш хавфини минималлаштиришга қаратилган”, дея қайд этган лчихона.

Бироқ Украина алоҳида давлат. Stinger эса Украина Қуролли Кучлари учун етказиб берилмоқда.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 23
Рейтинг: 3.4
t
×