АҚШ Болтиқбўйи ва Шарқий Европага қўшин жойлаштириши мумкин – NYT
Олам
−
24 Январь 2022
6640АҚШ Президенти Жо Байден Болтиқбўйи мамлакатлари ва Шарқий Европада Қўшма Штатлар қўшинлари, ҳаво кучлари ва денгиз флотини жойлаштириш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Америка маъмуриятидаги манбаларга таяниб маълум қилинган.
Таъкидланишича, гап “бир неча минг” ҳарбий хизматчилар ҳақида кетаётган бўлиши мумкин. Қўшинларни жойлаштириш бўйича қарор бир ҳафта ичида қабул қилиниши эҳтимоли бор.
Қайд этилишича, Пентагон расмийлари Байденга АҚШ кучларини Россия чегараларига имкон қадар яқинроқ ўтказиш бўйича бир нечта вариантни тақдим этган. Ушбу вариантлардан бири доирасида Мудофаа вазирлиги экспертлари Шарқий Европа мамлакатларига минтақада кескинлик кучайган тақдирда сони кўпайиши мумкин бўлган 1000 дан 5000 гача қўшин юборишни таклиф қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 январь куни Украинага ҳарбий юкларнинг биринчи партияси, жумладан оғирлиги 90 тоннадан ортиқ бўлган ўқ-дорилар етказиб берилди. Америка элчихонаси маълумотларига кўра, ўтган йили Қўшма Штатлар мамлакатга 650 миллион доллардан ортиқ ҳарбий ёрдам кўрсатган, 2014 йилдан бери эса Киев бу мақсадлар учун 2,7 миллиард доллар ёрдам олган. 23 январь куни Мудофаа вазири Алексей Резников оғирлиги 80 тоннадан ортиқ бўлган қуролларнинг иккинчи партияси келганини маълум қилди.
Сўнгги пайтларда Ғарб мамлакатларида, шунингдек, Киевда Россиянинг Украинага бостириб кириши мумкинлиги ҳақида баёнотлар пайдо бўлди. Россия Федерацияси Президентининг Матбуот котиби Дмитрий Песков бундай маълумотни бўш ва асоссиз кескинликнинг кучайиши деб атади. Унинг таъкидлашича, Россия ҳеч кимга таҳдид солмайди. Шу билан бирга, Песков бундай баёнотларни оқлаш учун провокациялар бўлиши мумкинлигини инкор этмади ва Украина жануби-шарқидаги инқирозни куч билан ҳал қилишга уринишлар энг оғир оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирди.